Наманганда ўқувчини Damas уриб юборди

Наманганда ўқувчини Damas уриб юборди

Наманган вилоятининг Янги Наманган туманидаги 65-мактаб ўқувчисини Damas русумли автомобиль уриб юборди. Бунинг ортидан масъул ходимларга интизомий чоралар кўрилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 2 октябрь куни содир бўлган. Инглиз тили фани ўқитувчиси дарс тугашига 10 дақиқа қолганида синфни тарк этган. Оқибатда уч нафар ўқувчи мактаб ҳудудидан чиқиб кетган.

Соат 15:20 атрофида ўқувчилардан бири сув олиш учун йўлнинг қарама-қарши томонига ўтган. Қайтиш вақтида уни Damas русумли автомобиль уриб юборган. Жароҳатланган ўқувчига тиббий ёрдам кўрсатилган.


Билдирилишича, ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига огоҳлантириш берилган, инглиз тили ўқитувчисига эса ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.

“Ўқувчилар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир таълим муассасаси раҳбари ва педагог ходимининг устувор вазифасидир. Бу борадаги масъулиятни лозим даражада бажармаслик ҳолатларига нисбатан белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади”, дейилади муносабатда.


Теглар:
×