Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
Маслаҳат учрашуви кун тартибидан сиёсий-дипломатик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш, маданият, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамда ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга оид устувор вазифалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ҳамдўстлик доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади. МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирлар якунида қўшма ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Ташриф дастурига мувофиқ, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Тасодифий хабарлар
Бухорода 17 ёшли йигит каналда чўкиб кетди
Ўзбекистонлик 22 ёшли йигит Суриядаги террорчилик ташкилотига қўшилиб, жанговар ҳаракатларда қатнашиб келаётгани аниқланди
Ўзбекистонда 2021 йилда электромобил импорти 7 баравар кўпайди
“Apple” машҳур гаджет ишлаб чиқаришни тўхтатди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади