Депутат: “Мазкур телеканал бизга керак эмас“

Депутат: “Мазкур телеканал бизга керак эмас“

Қирғизистон парламентининг депутати Дастан Бекешев бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиевга мурожаат қилиб, “5 канал” телеканалини сотиш лозимлиги борасида таклиф берди. У имкон қадар тезроқ “5 канал”ни сотувга қўйиш борасида ҳукумат раҳбарига мактуб йўллашини билдирди.

“Сўнгги вақтларда биз “Азаттиқ” журналистик суриштирувини эълон қилиши билан “5 канал” саҳнага чиқиб қолаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу давлат канали, у эркин матбуотни танқид қилиши керак эмас. Танқид ҳукумат томонидан бўлаётгандек туюлмоқда. Мазкур канал бизга керак эмас, дея ҳисоблайман, биз каналга бир тийин ҳам бермаймиз, уни сотувга қўйиш керак. Эртагаёқ мен бош вазирга мактуб ёзиб имкон қадар тезроқ канални сотувга қўйиши борасида таклиф бераман”, деди депутат.

Маълумот ўрнида, “5 канал” 2005 йилда “КООРТ“ телеканали базасида ташкил этилган. 2010 йилда Муваққат ҳукумат декретига биноан телеканал давлат ихтиёрига олинган.

2011 йилда телеканал ёпиқ акциядорлик жамияти эканлиги тўғрисида қонун қабул қилинди ва телеканал парламентники бўлди.

2018 йилда Дастан Бекешев канални бу мақомдан маҳрум қилиш ва сотиш таклифини берди.

×