Афғонистондаги “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида электр узатиш ва подстанциялар қуриш бўйича умумий қиймати 243 миллион долларлик тўртта келишув имзоланди. Бу ҳақда DABS'нинг ижтиомий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Афғонистонда электр энергиясининг энг муҳим хизматларини кўрсатиш ва уларни истеъмолчиларга етказиб бериш мақсадида қуйидаги йирик лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланди:
- Қуввати 1000 мегаватт бўлган 500 киловольтлик Сурхондан Дашт-Алвонгача бўлган электр узатиш линиясини узайтириш.
- Қуввати 800 мегавольт-ампер (МВА) бўлган Арғандеҳ подстанциясини кенгайтириш.
- Нангарҳор вилоятида Шайх Месри подстанцияси қурилиши.
- 220 киловольтлик Қобул-Нангарҳор (Шайх Месри) электр узатиш линиясини кенгайтириш.
Ушбу йирик лойиҳаларни имзолаш маросимида Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, Давлат корпорациялари бош бошқармаси бошлиғи Мавлавий Аҳмад Жон Билол, бошқа қатор расмийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маросим давомида DABS бош ижрочи директори Абдул Бари Умар тўртта келишувни мамлакатда ишончли электр таъминоти хизматларини таъминлаш учун муҳим деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳалар савдо, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантиришга ёрдам беради ва пировардида муҳим миллий тараққиётга йўл очади.
Худди шундай, Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз нутқида ушбу йирик лойиҳалар икки дўст халқ раҳбарларининг мустаҳкам қўшма ҳамкорлиги ва узлуксиз саъй-ҳаракатлари самараси эканини таъкидлаган. У янги имзоланган лойиҳаларни амалга оширишда икки томон ҳамжиҳатликда иш олиб боришини билдирган.
Айни шу маросимда DABS ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида ўн йил муддатга электр энергиясини харид қилиш бўйича шартнома имзоланган.
Тасодифий хабарлар
Parijda Namangan viloyati tekstil salohiyatining taqdimoti
Кўршапалак эмас: коронавирус инсонга қайси ҳайвондан ўтгани аниқланди
Доллар ва евронинг янги миқдори эълон қилинди
«Чуқур таҳлил ўтказмоқда» — ССВ Самарқанддаги нохуш ҳодиса бўйича қўшимча ахборот берди
Финландияда руслар қурган қалъа 1 еврога сотилди