Марсда улкан дарёларнинг излари аниқланди. Уларнинг умумий узунлиги 15 минг километрни ташкил этади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Қироллик астрономия жамияти хабар берди.
Жамият маълумотларига кўра, олимлар Марс географияси ҳақида янги маълумотларни тақдим этиб, Қизил сайёрага оид илгари шаклланган тасаввурларни буткул ўзгартирмоқда. Маълум бўлишича, сайёра ўтмишда улкан дарёларга эга бўлган.
Жорий йилда Буюк Британиянинг Дарем шаҳрида ўтказилган Миллий астрономик конференция иштирокчилари Марс жанубий ясситоғлигида қадимги дарёлар оқиб ўтган кўплаб излар аниқланганини маълум қилди. Бу эса сайёрада илгари ўйланганидан анча кўп сув манбалари бўлганини кўрсатмоқда.
Марс орбитасидаги аппаратлар томонидан юқори аниқликда олинган нотекис рельеф тасвирларида тадқиқотчилар қадимги дарё тизимларининг геологик изларини топган. Олимлар тахминига кўра, бу дарё изларининг ёши 3 миллиард йилдан ортиқ. Баъзиларининг узунлиги нисбатан қисқа бўлса-да, бошқалари 200 километргача чўзилган бутун бир тармоқни ҳосил қилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу дарёлар сувга тўйинган бўлган ва мунтазам ёмғир ёки қор ёғиши ҳисобига тўлиб турган бўлиши мумкин.
Марсда сув излари илгари ҳам топилган, бироқ Нуҳ ери деб аталувчи жанубий ясситоғликда эмас. Узоқ вақт давомида бу ҳудудда сув ҳавзалари бўлмаган, деб ҳисобланган. Бироқ Марснинг қадимги иқлими бўйича компьютер моделларига кўра, айнан шу ҳудудда кучли ёмғир ва қор ёғинлари кузатилган бўлиб, сув оқими рельефни шакллантирган.
Тасодифий хабарлар
Наманганда Қаровсиз қолдирилган автомашинадан пул ва буюмларни ўғирлаган шахс қўлга олинди.
Ўзбекистонда Янги йил байрамида нечта одам пиротехника воситаларидан жабр кўргани айтилди
Youtube ва Google’дан бошқа сервислар ишлашдан тўхтайди
Ўзбекистондаги мактаблардан қанча ота-она норозилиги маълум бўлди
Самарқандда мансабдорлар раҳнамолигидаги жиноий гуруҳ фош қилинди