Ўтган йили Қозоғистон аҳолиси фолбинлар ва астрологлар хизматига деярли 3 миллиард тенге (5,7 млн доллар) сарфлаган. Ушбу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 75 баробар кўп. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Қозоғистонда ғайритабиий ҳодисаларга қизиқиш кучаймоқда. Фолбинлар, астрологлар ва экстрасенсларга бўлган талаб аҳолида сезиларли даражада ортган. “Finprom” порталига кўра, бу соҳа хизматлари ҳажми бир йил ичида 75 баробарга ошган.
Қонуний фаолият юритаётган фолбин ва башоратчилар ўтган йили жами 2,9 миллиард тенгелик солиқ тўлаган. Таққослаш учун, 2023 йилда бу кўрсаткич атиги 39,5 миллион тенгени ташкил қилган.
Бу сумманинг катта қисми – 2,7 миллиард тенге фолбинлар, нумерологлар ва астрологлар ҳиссасига тўғри келади. Экстрасенслар эса 225,7 миллион тенге ишлаб топган, бу ҳам ўтган йилдагига қараганда бир неча баробар кўп.
Реал рақамлар эса бундан ҳам анча юқори бўлиши мумкин, чунки кўплаб “мутахассислар” норасмий ишлайди. Улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ва солиқ тўламайди.
Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, кўрсатилган хизматларнинг умумий суммасининг фақат ярми оддий аҳоли томонидан тўланган. Қолган 1,4 миллиард тенге эса ташкилотлар ва бошқа манбалардан келган. Бундай ҳолат аввалги йилларда қайд этилмаган.
Нархлар мижоз қайси ғайритабиий хизматни исташига қараб фарқланади. Масалан:
- Оддий карта фолида ўртача нарх – 3 минг тенге;
- Тарот карталари билан маслаҳат – 5 мингдан 15 минг тенгегача;
- Жодудан ёки “салбий энергиядан” ҳимоя қилиш – 30 минг тенге атрофида;
- “Қарзлардан ҳимоя қилиш” хизмати – 45 минг тенге;
- “Тақдир матрицаси”ни тўлиқ таҳлил қилиш – 200 минг тенге атрофида туради;
- Турмуш ўртоғини “қайтариш” – 500 минг тенге;
- “Бизнесни юрғизиш” маросими – 400 минг тенге;
- Турли “ҳалокатли маросимлар” – 1 миллион тенгедан бошланади.
“Кўпинча бу хизматлар зарарли бўлмаса-да, одамлар ёлғончи фирибгарларга дуч келиш хавфи мавжуд. Улар нафақат керакли ёрдамни бермайди, балки мижозларидан пулни алдов йўли билан олиб кетади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Қозоғистонда фолбинликка рухсат этилган, лекин расмий назорат остида. Фақат бу хизматни кўрсатувчилар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, қонун доирасида ишлаши керак. Фирибгарлик ёки зарар етказилган ҳолларда эса қонуний жавобгарлик мавжуд.
Тасодифий хабарлар
Путин ядровий қурол билан Украина ва Ғарбнинг “овозини ўчирмоқчи” – ISW
"Ишсизлар четда қолиб, иш билан банд бўлган фуқароларга 93 млн сўм ноқонуний берилган"
Андижон шаҳар ҳокими давлатга қарийб 2 млрд зарар етказганликда айбланмоқда
Toshkentda savdo majmuasi qulashi oqibatida 4 kishi vafot etdi
Келин ўз уйидан 7 минг доллар ўғрилади