Қозоғистонда спортчилар, мураббийлар ва спорт ҳакамларига сўкиниш ҳамда ўз диний эътиқодини намойиш этиш тақиқланди. Шунингдек, бошқаларни диний бирлашмаларда иштирок этишга мажбурлаш ва миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳам ман этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 июлида эълон қилинган Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Эрбол Мирзабосиновнинг “Қозоғистон Республикасининг спорт этикаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғида сўз боради.
“Спорт этикаси” ҳужжати атиги икки бўлимдан иборат: умумий қоидалар ва хулқ-атвор қоидалари. Биринчи бўлимда мураббий, ҳакам, мусобақа, спорт тадбири ва спорт этикаси тушунчаларига таъриф берилади. Сўнггиси – спортчилар, мураббийлар, мураббий-ўқитувчилар ва спорт ҳакамларининг хулқ-атвори учун белгиланган қоидалар.
Айтилганидек, иккинчи бўлимда хулқ-атвор қоидалари тартибга солинади. Спортчиларга сўкиниш, машғулотлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш, Қозоғистон обрўсига путур етказиш, бирор кишига таҳдид қилиш тақиқланади. Спортчилар оммавий жойларда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда бўлишни ҳам ўз ичига олган ижтимоий одоб-ахлоққа зид ҳаракатлардан тийилиши керак. Қозоғистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар рақиблар, томошабинлар, ташкилотчилар, кўнгиллиларни ҳурмат қилиши, камситиш ва сиёсий намойишлардан тийилишлари шарт.
Спортчилар мадҳияни ижро этиш вақтида ахлоқ меъёрларига риоя қилиши, ҳакамларнинг қарорларига ҳурмат билан ёндашиши, омма олдида тортишувлардан қочиши, ОАВ вакиллари билан ҳурмат асосида мулоқот қилиши ва бошқа спортчилар учун ўрнак бўлиши лозим. Ҳужжат эълон қилинганидан 10 кун ўтгач кучга киради.
Тасодифий хабарлар
Месси Жаҳон чемпионати олдидан жароҳат олди
Бухорода ширакайф безорилар туркиялик ҳайдовчини дўппослашди
Фарғонада уч нафар фуқаро алоқа компанияси офисига ҳужум уюштирди
Ғарб энди Украина Қуролли Кучларининг йўқотишларини яшира олмайди
Нур-Султонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади