Ўртаер денгизида сув ҳарорати аномал даражагача кўтарилди. 2025 йил июнь ойида унинг айрим ҳудудларида сув ҳарорати мавсумий меъёрдан 5 даражадан ортиқ ошган. Бу ҳақда Ерни сунъий йўлдошлар орқали кузатувчи Copernicus хизмати маълумотига таяниб, “Der Spiegel” хабар берди.
Нашрга кўра, жорий йилнинг 1 июль куни максимал ҳарорат 29,85 даражагача етган. Айниқса, денгиз Балеар ороллари, Испаниянинг Ўртаер денгизи қирғоғи ва Франциянинг жанубий соҳилида кучлироқ исиган. Бу ҳудудларда сув ҳарорати деярли “уйдаги ваннадек” даражага етган. Бундай кўрсаткичлар одатда ёзнинг энг иссиқ паллаларида кузатилади.
Олимлар рекорд даражадаги иссиқ сув тўлқинлари яқинда – 2022 ва 2023 йилларда ҳам кузатилгани, энди эса бу экстремал иссиқлик босқичлари ғайриоддий даражада узоқ давом этаётганидан хавотирда.
Бундай ҳолат бутун минтақага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Билдирилишича, аномал иссиқ сув денгиз экотизими учун стресс манбаи: баъзи турлар мослашмоқда, бошқалари эса йўқолиш хавфи остида, маржонлар, денгиз ўтлари ва моллюскалар оммавий ҳалокатга учраши мумкин. Балиқчилик ҳам зарар кўрмоқда, чунки балиқлар бошқа ҳудудларга кўчмоқда ёки популяциялар камаймоқда.
“Денгиздаги иссиқлик қуруқликдаги жазирама билан ҳам бевосита боғлиқ”, дейилади хабарда.
Мутахассислар табиатда барча ҳодисалар ўзаро боғлиқлигини эслатиб, илиқроқ сув “кўпроқ жамланган энергия” эканини айтмоқда. Бу эса буғланишдан кейин ҳаво намлигининг ошишига, тўфонлар, сув тошқинлари ва кучли бўронларга олиб келиши мумкин.
Бундай ҳодисалар бугунги кунда дунё бўйлаб бошқа денгизларда ҳам кузатилмоқда, океанлар энди ортиқча иссиқликни ўзлаштира олмаяпти. Олимларнинг хулосасига кўра, Ернинг энергетик мувозанати бузилган.
Тасодифий хабарлар
Наманганда содир бўлган ЙТҲда 2 киши ҳалок бўлди
Бухорода ўзаро жанжаллашаётган аёллардан бири бошқасини «Spark»да босиб кетди — видео
Шавкат Мирзиёев мактаблар аҳволи ва ўқитувчилар малакасини танқид қилди
“Киракаш” босқинчилар ушланди, шубҳали такси автомашинасига ўтиришдан эҳтиёт бўлинг!
“Байроғимиз – фахримиз” 18 ноябрь Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи қабул қилинган кун.