Тожикистон хорижий авиакомпаниялар учун “осмонини очди”

Тожикистон хорижий авиакомпаниялар учун “осмонини очди”

Тожикистонда республикада “Очиқ осмон” сиёсатини амалга ошириш тўғрисидаги ҳукумат қарори кучга кирди. Бу билан хорижий авиакомпанияларга маҳаллий авиаташувчилар томонидан амалга оширилаётган рейслар сонидан қатъи назар, парвозлар частотасини ошириш ҳуқуқи берилди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига таяниб, “Avesta.tj” хабар берди.

Илгари республикада амал қилган қоидага кўра, паритет принципи ўрнатилган эди. Яъни, хорижий авиаташувчилар Тожикистон компаниялари рейслари сонига тенг миқдордаги рейсларни амалга оширишлари мумкин эди. Энди бу қоида бекор қилинди.

Бундан ташқари, ҳукумат қарори доирасида ҳаво кемаларининг тури, ташувчилар сони, тарифлар ва йўналишлар тармоғига қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. Қайд этилишича, аллақачон прецедент мавжуд. Turkish Airlines янги қоидалардан унумли фойдаланиб, 1 августдан бошлаб Душанбе ва Истанбул ўртасидаги рейслар частотасини ҳафтасига 3 мартадан 5 мартагача оширади.

Бироқ, ўзгартиришлар барча йўналишларга тегишли эмас. Ҳужжатда айтилишича, илгари Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан белгиланган 18 та йўналиш бўйича аввалги тартибга солиш тартиби уч йил давомида сақланиб қолади. Шундан сўнг чекловлар олиб ташланиши истисносиз барча рейсларга татбиқ этилади.

“Очиқ осмон” режими республика пойтахти, шунингдек, бошқа шаҳарлар: Хўжанд, Кўлоб ва Бохтар халқаро аэропортларига татбиқ этилади.

Фуқаро авиацияси агентлигига барча манфаатдор шахсларнинг учинчи ва тўртинчи эркинлик даражаси доирасида ҳаво ҳудудига киришини таъминлаш, шунингдек, хорижий компаниялар учун тўсиқларни изчил олиб ташлаш топширилди. Қабул қилинган ўзгартиришлар фонида монополияга қарши тузилмалар, ҳаво ҳаракатини бошқариш корхоналари ва аэропорт раҳбарияти йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тегишли хизматлар тарифларини пасайтириш ва инфратузилмани ривожлантириш чораларини кўради.

Мутахассисларнинг фикрича, Тожикистонда “Очиқ осмон” сиёсатининг жорий этилиши транспорт бозорида рақобат учун қулай шарт-шароит яратади, бу эса ўз навбатида чипталар нархининг арзонлашишига ва фуқаро авиацияси соҳасига қўшимча сармоя жалб этилишига олиб келади.


Теглар:
×