“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларига ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбийлар жалб этилади

“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларига ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбийлар жалб этилади

Мактаблардаги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбий хизматчилар жалб этилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 май куни эрталабки соат 8:00 дан 10:00 га қадар республикадаги 10 мингдан ортиқ мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” байрами нишонланади. Ушбу таълим муассасаларидаги тадбирларда 1-синф, 9-синф, 11-синф бўлган жами 2 миллиондан ортиқ битирувчилар ҳамда ота-оналар, мураббийлар ва жамоатчилик фаолларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Республика ҳудудида ўтказиладиган тадбирларда хавфсизликни таъминлаш учун жами 27 мингдан ортиқ Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилари бириктирилади. Тадбир ўтказиладиган таълим муассасалари тегишли мутасадди идоралар ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилган ва қўриқлаш пультига уланган. Видео кузатув камералари эса ҳудудий ички ишлар органларининг ситуацион марказларига интеграция қилинган.

Бундан ташқари, мактабларда ўқув йили якунланиши муносабати билан ёшларнинг хиёбонлар ва истироҳат боғларига ҳордиқ чиқариш учун келиши кутилмоқда. Ушбу жойларда хавфсизликни таъминлашга жами 5 мингдан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва ҳарбий хизматчилари бириктирилади.

Ҳудудлардаги бевосита йўл четида жойлашган мактаблар олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл-патруль хизмати инспекторлари кучайтирилган тартибда хизмат олиб боради ва мактабларнинг жойлашган жойига қараб транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чекланиши мумкин.

ИИВ 24 май куни имкон қадар барчага жамоат транспортида ҳаракатланишни тавсия этмоқда. Шунингдек, ота-оналар ва катталардан битирувчиларнинг ярим тунгача истироҳат боғларида юриши, спиртли ичимлик, тамаки маҳсулотлари ва тақиқланган моддаларни истеъмол қилиши, кўчаларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб кортежларда юриши, автомашина, скутер, самокатларни олиб бошқариши, анҳор, канал ва чўмилиш ҳавзаларида сузиши, ўзларининг ёнида тиғли кесувчи, санчувчи ҳамда бошқа инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган буюмларни олиб юришига йўл қўймасликни сўрамоқда.


Теглар:
×