Россия Президенти Владимир Путин Москва Украинага қарши урушни “Россияга керак бўлган натижа билан мантиқий якунига етказиш учун етарли куч ва ресурсларга эга” эканини айтди. Бу ҳақда у “Россия. Кремль. Путин. 25 йил” ҳужжатли фильмига берган интервьюсида сўз очган. Интервьюдан парча бугун, 18 май куни журналист Павел Зарубин томонидан ижтимоий тармоқда эълон қилинди.
“Бу натижа – инқирозни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш, узоқ муддатли барқарор тинчлик ва Россия давлатининг хавфсизлигини таъминлаш учун шарт-шароитларни яратиш, биз доимо гапирадиган, рус тилини ўз она тили деб биладиган ва Россияни ўз ватани деб биладиган одамлар яшайдиган ҳудудларда халқимиз манфаатларини таъминлаш”, деди Путин.
Ўша интервьюда у Россиянинг Украинага қарши уруши даврида Россия Қуролли кучлари ядро қуролидан фойдаланишга “эҳтиёж йўқлигини” ва у умид қилганидек, “талаб қилинмаслигини” айтди.
Айни вақтда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси 19 майга ўтар кечаси Россия РС-24 (Ярс) қитъалараро баллистик ракетасини “ўқув ва жанговар” учиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Украина разведкаси маълумотларига кўра, учириш Свердловск вилоятидаги Свободний аҳоли пунктидан режалаштирилган.
Россия стратегик ракета кучларининг 42-Тагил ракета дивизияси Свободнийда жойлашган бўлиб, унинг таркибига учта РС-24 полки киради.
Украина разведкасининг таъкидлашича, ракета ўқув ўқ-дориларини олиб юради. Ракетанинг учиш масофаси 10 минг километрдан ошади. Украина разведкаси Россия Федерациясининг мақсади Украинани, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатларни намойишкорона босим ўтказиш ва қўрқитиш, деб ҳисоблайди.









