Мирзиёев Самарқанд саммитидан нималар кутаётганини айтди

Мирзиёев Самарқанд саммитидан нималар кутаётганини айтди

3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон бу саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа бўлишини кутмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев “Euronews”га берган интервьюсида маълум қилди.

“Бўлажак саммит ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамият касб этади, чунки биринчи марта Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва Европа Иттифоқи етакчилари бир жойда тўпланади.
Биз бу саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда янги саҳифа бўлишини кутамиз. Кейинги йилларда ҳамкорлигимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди”, дейди Президент.

Мирзиёев сиёсий мулоқот янада чуқурлашади, ҳамкорликка янада тизимли тус берадиган, уни узоқ муддатли мақсадларга йўналтирадиган янги механизмлар ишлаб чиқилади, деб умид қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, минтақалараро ҳамкорлик, айниқса, иқтисодиёт, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш саммит кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлади.

“Самарқанд декларациясининг имзоланиши саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлиши керак. Бу ҳужжат томонларнинг стратегик шериклик ўрнатишга бўлган умумий интилишини акс эттиради. Декларация нафaқат эришилган келишувларни мустаҳкамлайди, балки минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун асос яратади”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Шунингдек, у инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, инновациялар ва рақамли ечимларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ келишувларга эришишдан умидвор эканини таъкидлаган.

“Албатта, кўплаб саволларга саммит якунида жавоб топилади. Бироқ ҳозирдан айтиш мумкинки, бу учрашув Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида барқарор, ўзаро манфаатли шерикликни барпо этиш йўлидаги муҳим қадамга айланади. Бу шериклик умумий манфаатлар, ишонч ва биргаликдаги тараққиётга интилишга асосланган бўлади”, деди Мирзиёев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган саммит ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади.

“Келажакка сармоя киритиш” шиори остида ўтказиладиган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади.

Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни кўпайтириш, инновациялар, “яшил” энергетика, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма дастур ва кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданият, туризм, фан, таълим ва бошқа устувор йўналишларда фаол алмашинувларни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади.

Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашади.

Дастурга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Европа Иттифоқининг асосий институтлари раҳбарлари 4 апрель куни ўз ишини бошлайдиган Самарқанд халқаро иқлим форумининг ялпи мажлисида иштирок этади.

Бундан ташқари, саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.


Теглар:
×