Ўзбекистонда газ қазиб олиш ва электр ишлаб чиқариш камайди

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ва электр ишлаб чиқариш камайди

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4,2 фоиз ва нефть қазиб олиш 12 фоизга, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам қисқарган. Бу ҳақда 2025 йилнинг январь-февраль ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича Статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботда сўз боради.  

Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг дастлабки икки ойида газ қазиб олиш ҳажми 7,37 млрд куб метрни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 329 млн куб метрга ёки 4,2 фоизга, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан эса 781 млн кубга қисқарган.

2022 йилда газ қазиб олиш 53,8 млрд дан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда 51,67 млрд дан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга, 2024 йилда эса 46,71 млрд дан 44,59 млрд куб ёки 4,5 фоизга қисқарганди. Шунингдек, ҳисобот даврида нефть қазиб олиш 118 минг тоннадан 105 минг тоннага (-12 фоиз), газ конденсати ишлаб чиқариш 214,7 минг тоннадан 192,6 минг тоннага камайган.

Бошқа энергия манбалари – дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 123 минг тоннадан 74 минг тоннага (-39 фоиз), бензин ишлаб чиқариш 241 минг тоннадан 189 млн минг тоннага (-21 фоиз) қисқарган. Аксинча, кўмир қазиб олиш 659 минг тоннадан 733 минг тоннага (11 фоиз) ошган.

Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам камайган. Жумладан, ўтган йилнинг январь-февраль ойларида 14,56 млрд киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 14,06 млрд киловатт соатни ташкил этган.


×