Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған телефон орқали мулоқот қилиб, Яқин Шарқдаги ҳозирги инқирозли вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётгани ва Ғазо секторида гуманитар вазият ёмонлашганидан хавотир билдирган. Улар турар-жой бинолари, диний ва ижтимоий объектларга зарба беришга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.
“Россия ва Туркиянинг позициялари амалда мос келиши ва Исроил билан тинчлик ва хавфсизликда бирга яшайдиган мустақил Фаластинни яратишни кўзда тутувчи машҳур икки давлат формуласини амалга оширишга қаратилганлиги таъкидланди”, дейилади Кремль хабарида.
Туркия Президенти маъмуриятининг Х ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилишича, Эрдўған Ғарб давлатларининг содир бўлаётган воқеалар олдида жим туриши Ғазо секторидаги гуманитар инқирознинг юқори даражасига олиб келган.
Шунингдек, Туркия раҳбари Анқара минтақада осойишталикни таъминлаш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни давом эттиришига ишонтирган.
Фаластин-Исроил можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон Ғазодаги шифохонага қилинган ҳужумни қоралади
Россияда «Cobalt» хакерлари устидан ҳукм ўқилди
AQSh elchixonasi “qizil pasport” bilan grin-karta o‘ynashni qat’iy tavsiya qildi
Ўзбекистонлик олима коронавирусни бутунлай йўқ қилувчи препарат яратганини маълум қилди
Россияда мигрантлар болаларининг мактабга бориши тақиқланиши мумкин