16 август куни ЖИБ Тошкент шаҳар судида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропи ва бошқа дорилар юзасидан жиноят ишини давом этгани ҳақида ёзгандик. «Газета.uz»нинг хабар беришича, «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. (Ҳиндистон фуқароси) яна бир дорини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилган.
Прокурор судланувчидан мазкур масала юзасидан 33 минг АҚШ долларини кимга ва нима учун берганини сўради. Ҳиндистонлик судланувчи пуллар қурилиш ишлари ҳамда миннатдорчилик мақсадида Ж.Э.га берилганди, дея жавоб берди. Пуллар Ж. орқали кимга ва нима учун етиб бориши кераклигини эса билмаганини қайд этди.
Судланувчи адвокатларнинг саволига жавоб бериши давомида мазкур сумма аввалига 45 минг доллар бўлгани, кейинчалик 33 минг долларгача тушганини очиқлади. Пулни эса Фармацевтика агентлигининг Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказида ишловчи Ж.Э. сўраганини қайд этди.
Савол-жавоблар давомида, ҳиндистонлик фуқаро «Marion Biotech» PVТ. Ltd корхонасида инспекцион текширув ўтказилишини тўхтатиш учун Ж.Э.га 33 минг доллар берганини тан олди.
Айблов хулосасига мувофиқ, «Marion Biotech» PVT. Ltd. корхонаси «Кураракс 200», «Кураракс 400» дори воситасини ҳам Ўзбекистонда сотишни режалаштирган. Шундан сўнг давлат марказига рўйхатдан ўтказиш учун ариза тақдим этилган. Лекин дорини рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар «Док-1 Макс» ҳужжатлари сингари ишончсиз, нотўлиқ ва нотариал тасдиқланмаган бўлган.
«2022 йил 25 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Экспертлар кенгашигда „Кураракс 200“, „Кураракс 400“ дори воситаси муҳокама қилиниб, уларни ишлаб чиқариш шароитлари шубҳа остига олинган ва кенгаш аъзолари томонидан Marion Biotech Pvt. Ltd. корхонасида инспекцион текширув ўтказилиши белгиланган. Дори воситасини рўйхатдан ўтказиш масаласи эса текширув натижасига кўра ҳал қилиниши ҳақида қарор қабул қилинган», — дейилади тергов ҳужжатларида.
Бу ҳақда кенгаш баённомасига тегишли қайдлар киритилиб, кейинчалик мажлисда иштирок этмаган С.Қ. томонидан тасдиқлаб берилган. Шундан сўнг давлат маркази томонидан 2022 йил 26 май куни «Зарур амалиётлар маркази» ДУКка Marion Biotech Pvt. Ltd. корхонасида инспекцион текширув ўтказиш ҳақида ёзма топшириқ, корхонанинг ўзига эса бу ҳақда ёзма хабарнома юборилган.
Ҳужжатларга кўра, июль ойи бошларида «Marion Biotech» Pvt. Ltd. корхонасида инспекцион текширув ўтказиш белгиланганидан хабар топган корхонанинг норасмий раҳбари Ж.С. бошқа бир ҳиндистонлик Ж.С. «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. ва жамиятнинг савдо директори Б.Қ.лар билан тил бириктириб, корхонанинг ишлаб чиқариш шароитлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, текширув ўтказилган тақдирда мазкур камчиликлар юзага чиқиб, корхонанинг бошқа дори воситаларининг ҳам Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилиши тақиқланиб, уларнинг импорти тўхтатилиши мумкинлигини англаган. Бунинг олдини олиш мақсадида давлат маркази масъуллари орасидан инспекцион текширувни бекор қилиш имкони бўлган ходимни топиш бўйича Р.С.П. «Quramax Medical»нинг рўйхатга олиш бўйича менежери Н.М.дан ёрдам сўраган. Шунда ходими унга Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлимида бош мутахассис лавозимида ишловчи курсдоши Ж.Э.нинг телефон рақамини берган.
«Ҳиндистонлик фуқаро жиноий шериклари Ж.С. ва Б.Қ.лар билан тузилган жиноий режасини амалга ошириш мақсадида Ж.Э. билан аввалига телефон орқали боғланиб, кейинроқ у билан ЖИБ Миробод туман суди яқинида жойлашган „B&B“ кафесида кўришган. Суҳбат давомида Р.С.П. корхонага тайинланган инспекцион текширувни бекор қилишда амалий ёрдам сўраб, бунинг учун моддий манфаат ваъда қилган. Шунда Ж.Э. унинг таклифини раҳбарларига етказиб, тез кунларда уларнинг жавобини маълум қилишини билдирган. Шундан сўнг, Ж.Э. таклифни Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи Ш. Ш.га етказган. У эса ушбу хизмати 45 минг доллар бўлишини маълум қилган. Ҳиндистонлик тадбиркор 45 минг кўплиги, уларга фақат 33 минг доллар бера олишини билдирган. Ж.Э. ўз навбатида Ш. Ш.дан рухсат олиб, пулларни қўлга киритган», — дейилади тергов ҳужжатларида.
«Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. адвокатларнинг саволига жавоб берар экан, пулларни Ойбек метроси яқинида масъул шахс Ж.Э.га берганини маълум қилди.
Адвокат: Пулни берганданингиздан кейин кутилган натижага эришдингизми?
Судланувчи: Ҳа, Ж.Э. август ойида инспекция текширувга келмайди деб, айтди.
Суд 18 август, жума кунига қадар танаффус эълон қилди
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда муҳтожларга ёрдам кўрсатувчи Telegram-бот ишга туширилди
Мирзиёев дунё аҳолиси учун ҳал қилувчи кучга эга шахс сифатида эътироф этилди
Автомобилларни тонировка қилиш яна 10 фоизга арзонлашади
Andijondan xabarlar: shaharga muvaqqat hokim tayinlandi
Прократура “мажбурий форма” учун тилхат олиш ортида ким турганини маълум қилди