Наманган – Жанубий Корея: спорт соҳасида келишувлар

Наманган – Жанубий Корея: спорт соҳасида келишувлар

Наманган вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга амалий ташрифи давомида футболни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф аввалида, Корея Республикасининг Тегу шаҳридаги “Daegu” футбол клуби президенти Чо Кван Раэ билан мулоқотда Наманган вилоятида футболни ривожлантиришда корейс тажрибасини кенг оммалаштиришга эришилди. Делегация аъзолари “Daegu” клуби фаолияти билан яқиндан танишди. Тегу шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган “Daegu” жамоаси 2002 йили ташкил этилган. Клуб раҳбари Наманган ҳақида эшитгани, ушбу заминга октябрь-ноябрь ойларида ўзи бошчилигидаги делегация билан ташриф буюришини таъкидлади. Шунингдек, у мураббийлар билан икки томонлама ўзаро тажриба алмашиш истаги борлигини билдирди. 

Имзоланган келишувга асосан, “Daegu” жамоаси мураббийлари йилига тўрт маротаба Ўзбекистонга ташриф буюриб, Наманганда болалар футболини ривожлантириш бўйича семинар тренинглар ташкил этади. “Suvon” футбол клуби нафақат Осиё, балки бутун дунёга машҳур. Жанубий Корея терма жамоалари базасига муносиб кадрларни тарбиялайдиган ушбу клуб ҳамда унинг академияси билан манфаатли ҳамкорлик ҳар жиҳатдан самара бериши шубҳасиз. Мазкур жамоа 2003 йил 15 мартда “Suvon Siti” номи билан ташкил топган. 2012 йил 9 декабрда “Suvon” тўлиқ профессионал бўлиши эълон қилиниб, клуб номи ҳам “Suvon FC”га ўзгартирилди ва профессионал “К” лигасига қўшилиш учун рухсат олди. 


Айни кунларда Кореяда бўлиб турган Наманган вилояти делегацияси аъзолари – вилоят ёшлар сиёсати ва спортни ривожлантириш бошқармаси, вилоят футбол ассоциацияси, вилоят футбол академияси мутасадди раҳбарлари “Suvon” клуби президенти Донг Вук Чои билан амалий учрашув ўтказди. 


Эндиликда “Suvon” клуби ҳамда Наманган вилояти футбол академияси мураббийлари, мутахассислари режа асосида ўзаро тажриба алмашиб боради. Келишувга кўра, даставвал Корея томони жорий йилнинг сентябрида амалий ташриф билан Наманганга келади. Шунингдек, делегация аъзолари Жанубий Корея таэквондо академияси раҳбарияти билан учрашиб, ҳамкорлик юзасидан амалий шартномага эришди. Ушбу келишувга мувофиқ кореялик мураббийлар йилига уч бор Наманганга келиб, маҳаллий мутахассисларнинг кўникма ва тажрибаларини ошириб боради. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.


Теглар:
×