Қодиров камбағаллар устидан куляптими? “Миллий тикланиш” раиси яна ёқимсиз иддао билан чиқди

Қодиров камбағаллар устидан куляптими? “Миллий тикланиш” раиси яна ёқимсиз иддао билан чиқди

Ҳаракати йўқ, илми йўқ, ҳунари йўқ одам камбағал бўлади. Бу фикрни бугун, 22 июль куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Telegram’даги каналида ёзиб қолдирди. 

Унинг қайд этишича, у ўзини Ўзбекистонда камбағаллик йўқ деб узоқ йиллар давомида алдаб келган. 

“7 йил аввал, халқаро мезонларга кўра Ўзбекистонда 34 фоиз аҳоли камбағал эди, 2023 йилда бу кўрсаткич 14 фоизгача қисқарибди”, дейди Қодиров ғурурланиб.

У камбағаллик – мағлубиятга розилик, деб ўйлашини айтган. 

“Ким камбағал бўлади? Биринчи навбатда ҳаракати йўқ, илми йўқ, ҳунари йўқ одам камбағал бўлади! Кимдир ҳаёти давомида имконият изласа, кимдир айбдор излайди”, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари. 

Унга кўра, давлат қанча ҳаракат қилмасин, мағлублар камбағал бўлиб қолаверади. 

Қодировнинг нима учун туйқусдан бу масалани кўтариб қолгани ҳозирча мавҳум. Аммо ижтимоий тармоқларда унга нисбатан эътирозлар янграй бошлади. 

Facebook фойдаланувчиси Холида Абдусаломовна Қодировнинг тарихий ва оламшумул фикрларига қуйидагича изоҳ қолдирган: 

“Алишер Қодиров фикрингиз нотўғри. Камбағаллар ичида иш тополмаган, ногирон, оиласидан ажралган, яъни вафот этганлар, ота-онаси ташлаб кетган ва қари бобоси билан ёки момоси билан яшаётганлар бор. Мен ҳам ўқитувчилик қилдим, ҳам пахта тердим, чопиқ қилдим, аммо нега бойиб кетмадим?! Энди соғлигимни йўқотдим. Мени шароитмни биласиз, эсингиздан чиқмаган бўлса керак?! Мен ўқитувчиликни танлаганим хатоимми? Вақтида яхши ишладим, олганим мақтов ёрлиғи. Кимдир камбағалликга ўзинг айбдорсан дейишдан олдин атрофга боқиб ўйлаб кўрсин. Рабиндранат Тагорни кўп ўқиганман...”

Яна бир тармоқ фаоли Аброр Усаров Қодиров айтаётган камбағаллик амалда эмас, қоғозда қисқаргани, аксинча, чекка ҳудудларда камбағаллар кўпайганини айтиб, изоҳ қолдирди: 

“Афсуски, ҳамма камбағалллик қоғозда қисқарди! Шахсан ўзим билган қишлоқларда 20-30 фоиз оила камбағал бўлди – асосий сабаб бир неча йил аввал улар учун озиқ-овқат олиш муаммо эмасди – ҳозир ўша оилалар кунлик озиқ-овқат учун ишлашмоқда! 

Ун сотиб ололмаётган оилалар сони ошди! Магазиндан ҳамир қилиб, нон ёпиш учун килолаб ун сотиб оладиганлар кўпайди. Қизиққанлар учун шахсан олиб бориб кўрсатишим мумкин”. 

Эслатиб ўтамиз, бу Қодиров билан боғлиқ биринчи бундай ҳолат эмас. У 2021 йил президент сайловидан олдин ўтказган учрашувларида хорижда юрган мигрантлар ҳам даромадидан солиқ тўлаши кераклигини айтиб, обрўсига анчайин путур етказган эди. 


×