«Нима учун йўқ газга пул тўлаяпмиз?» Маҳалладаги «заправка» сабаб аҳоли хонадонларида газ босими тушиб кетмоқда

«Нима учун йўқ газга пул тўлаяпмиз?» Маҳалладаги «заправка» сабаб аҳоли хонадонларида газ босими тушиб кетмоқда

Мирзо Улуғбек туманидаги «Темурийлар» маҳалласида «заправка» сабаб аҳоли хонадонларида газ босими тушиб кетгани айтилмоқда. Туман газ ходимлари эса газ келишини айтиб, иш вақтидан кейин қўнғироқларга жавоб бермаяпти. Тошкентдаги шохобчалар олдида эса ички ишлар ходимлари навбатчилик қилишни бошлади.


Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек (илгари Тошкент вилоятининг Қибрай) туманидаги «Темурийлар» МФЙда янги очилган «заправка» сабаб аҳоли хонадонларида газ босими тушиб кетгани айтилмоқда. Шохобча шу кунларда аҳоли тилида 2519 деб аталувчи чорраҳадан кирганда, «5-Автобус саройи» ерининг бир қисмида бунёд этилганди.

Якшанба куни соат 11:00 лар атрофида ҳайдовчилар билан суҳбатда «заправка» ишчилари шу маҳаллада истиқомат қилувчи аҳоли шанба куни тегишли ташкилотларга шикоят қилгани учун ишлай олмаётгани, акс ҳолда 24 соат ҳам фаолият юритган бўлишини айтишди.

Telegram`даги «Темурийлар» маҳалласи томонидан очилган гуруҳда фуқаролар гас босими пастлиги ва уйлар исимаётганидан шикоят қилишяпти.

Гуруҳ аъзоларидан бирининг фикрича, босим пасайишига шохобча маҳалланинг газ тармоғига улангани сабаб бўлган: «Менга туман газда ишлайдиган одам ["заправка"] маҳаллани газ трубасига уланган, катталарнинг (мансабдорлар назарда тутилмоқда — таҳр.) хабари бор, деб айтди».

«Ҳозир ўзи шамоллаш кўп. Қайси хонадонга кирманг ё укол олаяпти, ёки таблетка ичиб ўтирибди. Кўпчилик ёш болалар йўталиб, аксириб юришибди. Мана қор ҳам ёға бошлади. Мени «котёл»им газ пастлигидан ўчиб қолди», — дейди аёллардан бири.


«Невараларим энди тузалиб, боғча ва мактабга чиқишганди. Шундан яна хавотирдаман. Чунки кечаси билан яна йўталиб чиқишди», — дейди яна бир аёл.

«Қиш киргани буйруқ берадиган инсоннинг эсидан чиққан шекилли. Шу одамга телефон қилиб, қиш келди, қор ёғаяпти, деб эслатиш керак», — дея киноя қилганлар ҳам бўлди.

Улардан бири қуйидагича фикрни билдирган: «Бизнинг Ўзбекистонда [муаммони] ҳайқириқлар билан ҳал этиш осонроқ. Ушбу муаммони жамоатчилик эътиборига етказиш керак. Балки, хокимлар „заправка“ ишлаб туришидан манфаатдордир, шунинг учун жим бўлса керак».

4 декабрь куни соат 20:00 лар атрофида гуруҳда қуйидагича фикр-мулоҳазалар билдирилган.

«Ўртоқлар газ келармикан, ким билади? Уйларимиз жуда ҳам совиб кетди. Болаларимизнинг касал бўлмаслиги учун нима қилишимиз керак? Чақалоқларчи?», — дейди фуқаролардан бири.

Иккинчиси унинг гапини тасдиқлаб шундай дея қўшимча қилган: «Ҳаммамизники ҳам совиб кетди. Биз туман газга телефон қилдик. Газ соат 18:00—19:00 ларда бўлади деди. Мана соат 20:00 дан ошди, телефонни кўтармаяпти».

«Нима учун [йўқ] газга пул тўлаяпмиз? Ёки ҳавогами? Емай, ичмай, коммунал хизматларга тўлов қиламиз ва мана эвазига. Қора нонга қорнимиз тўяр, ўчириб қўймасин деб, тўловларни вақтида тўлаймиз. Қани виждон, қани инсофгарчилик?», — дея савол билан юзланган маҳалладошлардан бири.

Маҳалла раиси мазкур ҳолат назоратга олинганлиги ҳамда тегишли ташкилотларнинг хабари борлиги, озгина саб қилиб турилса, вазият яхши томонга ўзгаришини таъкидлаган.

Яна кимдир душанба куни вазият ўзгаришига умид билдирган: «Бугун, кеча дам олиш кунлари эди. Кўп раҳбарлар Самарқандда эди. Эртага республикада босим кўтариш бўйича буйруқ берилса, керак».

«Газета.uz» мухбири соат 21:45 да газ «заправка» олдига борганида шохобча ёпиқлиги ва турнақатор навбатлар ҳам йўқлигига гувоҳ бўлди. Қолаверса, ички ишлар ходимлари навбатчилик қилаётганига гувоҳ бўлди.

Уларнинг сўзларига кўра, пойтахт бўйлаб, 3 кунга газ шохобчалари фаолияти тўхтатилган. Бу муддат ичида эса тегишли қарорлар қабул қилинади ва шунга кўра кейин ҳаракат аниқ бўлади. Қолаверса, пойтахтдаги «заправка»лар тунги вақтда яширинчи ишламаслиги учун ички ишлар ходимлари навбатчилик қилиб чиқади.

Кечга яқин газ қуйиш шохобчаси фаолияти тўхтатилган. Бироқ, аҳоли вакиллари хонадонларда газ босими ҳануз пастлигини айтишмоқда.

Якшанба куни соат 22:29 да шаҳардаги газ етишмовчилиги юзасидан пойтахт ҳокимлиги баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича, коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.

«Иложи борича кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, жамоат транспорт воситаларига хизмат кўрсатадиган шоҳобчалардан ташқари, қолган барча автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари вақтинчалик ёпилмоқда», — дейилади хабарда.

×