“Уйланамиз” қўшиғи учун 140 миллион сўм жарима ундирилади

“Уйланамиз” қўшиғи учун 140 миллион сўм жарима ундирилади

Шоир Эркин Йўлдош ўз қаламига мансуб бўлган “Уйланамиз” номли шеърдан муаллифлик ҳуқуқларига зид равишда фойдаланган хонанда Миродил Ҳакимов устидан судга киритган даъво аризаси қаноатлантирилди ва хонандадан жами 140 миллион сўм ундирилиши белгиланди. Бу ҳақда Андижон вилоят Адлия бошқармаси хабар бермоқда.

Унга кўра, “Уйланамиз” қўшиғи шеърининг муаллифи – фарғоналик шоир Эркин Йўлдош жорий йилнинг сентабрь ойида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун хонанда Миродил Ҳакимовдан товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақида даъво аризаси киритган.

Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши қўзғатилиб, суд мажлиси 2022 йил 7 октябрга тайинланган. 7 октябрь куни суд мажлисига даъвогарнинг ишончли вакили келган, бироқ, жавобгар келмагани сабабли суд мажлиси 12 октябрга қолдирилган. 12 октябрь куни суд мажлисига тарафлар келган ва улардан кўрсатмалар олинган. Жавобгар уларга низони тинч йўл билан ҳал қилиш учун муддат беришни сўраган ва даъвогар томони норози бўлмагани сабабли суд мажлиси 19 октябрга қолдирилган. Бироқ, жавобгар белгиланган кунида суд мажлисига келмаганлиги сабабли суд фуқаролик ишини Фуқаролик процессуал Кодексининг 220-моддасига кўра, жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, Миродил Ҳакимовдан даъвогар Эркин Йўлдош (Дорипов)га 50 миллион сўм маънавий зарар учун компенсация, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробари миқдорида (90 миллион сўм) етказилган зарар ҳисобига, жами 140 миллион сўм товон пули ундириш белгиланган. Бундан ташқари, жавобгарнинг зиммасига “Уйланамиз” шеъридан муаллифнинг розилигисиз фойдаланмаслик мажбурияти юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик санъаткорлар орасида муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ бўлган энг катта жаримани Юлдуз Усмонова тўлаган. “Хаста бўлма” номли қўшиқ учун хонанда Усмоновадан шеър муаллифи шоир Йўлчи Рўзиев фойдасига 185 миллион сўм ундирилган.

Manba: Qalampir.uz

×