Минтақадаги нотинч вазият туфайли Украинанинг аннексия қилинган Херсон вилояти ҳудудига тинч аҳолининг кириши етти кунга чекланди. Бу ҳақда “Россия-24” телеканалига вилоятнинг оккупацион ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Владимир Сальдо маълум қилди.
“Агар жанг бошланса, артиллериядан ўқ узилади. Улар шаҳарни бомбардимон қиладилар, яхшиси, одамларни шаҳардан чиқариб юборинг, биз ҳозир шундай қиляпмиз. Бу ишларни янада соддалаштириш учун Херсон вилояти ҳудудига тинч аҳолининг кириши етти кунга ёпилди”, дейди у.
Сальдонинг таъкидлашича, фақат комендатура томонидан рухсатнома берилган шахслар ҳудудга киришлари мумкин.
"Булар коммунал хизматларни таъминлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳамда коммунал хизматларда ишлайдиганлар", дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, Сальдо Днепрнинг ўнг қирғоғидан тинч аҳолини эвакуация қилиш жараёнини тезлаштириш учун паромлар сиғимини ошириш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлаган.
“Одамларни ташиш мумкин бўлган қайиқлар йиғилмоқда. Бугун эрталабдан бошлаб одамлар шаҳардаги йиғиш пунктларига кетишди. Булар дарё портларидир. Бугун биз одамлар бориши мумкин бўлган яна бир нечта пунктларни қўшамиз", дейди вилоят губернатори вазифасини бажарувчи.
Сальдонинг сўзларига кўра, Херсондаги барча ҳокимият идоралари аллақачон Днепрнинг чап қирғоғига ўтишган.
“Бугунги кунда шаҳардаги барча куч тузилмалари – ҳарбий-фуқаролик бошқармаси, барча идоралар, вазирликлар ҳам чап қирғоққа ўтмоқда. Ушбу давр учун бошқарув чап қирғоқдан амалга оширилади", дейди у.
Маълумотларга кўра, денгиз соҳилидаги дам олиш уйлари Херсон аҳолисини шаҳардан чиқиб кетиш вақтида жойлаштириш учун тайёрланган.
“Одамларни қаерга жойлаштиришда аниқ режа бор. Бизда Азов ва Қора денгиз соҳилларида жойлашган дам олиш масканлари, пансионатлар, дам олиш уйлари, меҳмонхоналар тизими жуда кенг. Шунинг учун одамларни у ерга жойлаштириш мумкин, ҳозир ҳамма нарса тайёрланди”, дейди у.
Шу билан бирга, у биринчи навбатда, болалар ва уларнинг ота-оналари кетишлари учун шарт-шароитлар яратилаётганини айтган.
Владимир Сальдо Херсонда агар ҳужумлар туфайли ҳимоя тўсиғи бузилган тақдирда аҳоли у ердан дарҳол олиб чиқилишини маълум қилган.
Manba: Qalampir.uz
Тасодифий хабарлар
Эндиликда турмуш ўртоғини ҳақоратлаган эр ёки хотин жаримага тортилади
Наманган вилояти ҳокими талабанинг бир йиллик контрактини тўлаб берди
Ўзбекистон хукумати чет элдаги фуқаролар учун чартер рейслар жадвалини эълон қилди
"Навбаҳор" икки футболчи билан ҳайрлашди
Мактабларда Янги йилни нишонлаш тақиқланди