Оммавий ахборот воситалари фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов тошкентлик таниқли журналист, Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежковни судга берди. Бу ҳақда у телеграм каналида ёзди.
"Хабарингиз бўлса, шу йилнинг 21 февраль куни Сергей Ежков ўзининг Uzmetronom.com сайтида "Бриллиантовый мальчик" сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда мени 4 млн 200 минг долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришда шерикчиликда айблаган. Бу жуда жиддий айблов — бу Жиноят кодексининг 182-моддаси “Божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш” оғир жиноятини содир этиш. Ваҳоланки, бу ғирт туҳмат ва тўқима эртакнинг ўзгинаси.
Ежков билан шахсан таниш эмасман, лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, маълум шахсларнинг обрўсига путур етказиш қуроли сифатида ишлатиб келинган, деган гаплар юради. Бу гап-сўзларнинг рост ёки ёлғонлигини билмайман, бу сафар ҳам буюртма бор ёки йўқ эканини энди тергов аниқлайди.
Таҳлил қилиб кўрсам, 2009 йилдан шу кунгача ушбу сайтда “Алламжонов” мавзуси бўйича 30 дан ортиқ танқидий материал эълон қилинган. Шу пайтгача индамадим. Чунки мен ҳамиша сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги тарафдори бўлганман, бу йўлда курашганман, ҳалиям курашяпман. Бироқ ҳар битта танқид фактларга асосланган бўлиши керак.
Шу пайтга қадар 30та мақолага индамадим, лекин охиргиси ўтиб тушди. Энди ошириб юборди. Гап менинг обрўйим ва репутациям ҳақида кетар экан, мен жим қараб тура олмайман. Бу — сўз эркинлиги ҳам, журналистика ҳам эмас. Бу матбуот номли инструментдан жирканч мақсадлар йўлида фойдаланиш ҳисобланади. Биз бундай сўз эркинлигига қаршимиз. Шунинг учун мен, адвокат билан маслаҳатлашган ҳолда, ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя килиш мақсадида Сергей Ежков устидан арз қилиб, ҳуқуқни муҳофаза килувчи органларга мурожаат қилдим. Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, агар Ежков ўз мақоласида кўрсатган ҳолат бўйича далил-исбот келтира олмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси, 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиши мумкин ва у қонун олдида жавоб бериши лозим бўлади.
Ҳаммасини қонун ва суд ҳал қилиши керак. Мен барча керакли маълумотларни тақдим этишга тайёрман".
Тасодифий хабарлар
Энди Россияда ишлаш учун патентни Ўзбекистонда ҳам олса бўлади
Наманганда университетга ўқишга киритишни ваъда қилиб, 2,5 минг доллар ва 5 млн сўм талаб қилган фирибгар ўқитувчи қўлга тушди
Ниҳоят, коронавируснинг «нозик жойи» аниқланди
“ОАВга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишлар бошланган” — Асадов
Диққат! Тезда телефонингиздан “Facebook”ни ўчириб ташланг. Йўқса...