Ўзбекистонда аёллар жамияти тузилади. Унга ҳар йили 50 млрд ажратилади

Ўзбекистонда аёллар жамияти тузилади. Унга ҳар йили 50 млрд ажратилади

Ўзбекистонда ҳар йили 50 млрд сўм маблағ ажратиладиган “Олима аёллар жамияти” тузилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган тантанали тадбирдаги нутқида айтиб ўтди.

“Битта қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз деб ота-боболаримиз бежиз айтишмаган.

...Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш – бу игна билан қудуқ қазишга баробар. Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг сўзларига кўра, келгуси ўқув йилдан бошлаб:

•    магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади;

•    докторантура йўналишида хотин-қизлар учун, ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида “Олима аёллар жамияти” тузилади. “Олима аёллар жамияти”га ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. 

Жорий ва келгуси йилда шу каби мақсадларга 1,8 триллион сўм йўналтирилади.

×