Кеча, 2 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиядан Украинадаги урушни тўхтатиш ва қўшинларини олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан фарқли ўлароқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари давлатга нисбатан мажбурлов чораларини белгилай олмайди. Бундай чораларни тайинлаш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ваколатидир.
Резолюция учун 141 давлат ёқлаб, беш давлат қарши овоз берди, 35 давлат бетараф қолди. Россия Федерацияси, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея қарши чиқди. Бетараф қолганлар – Хитой, Ҳиндистон, Куба, Марказий Африка Республикаси, Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Покистон, ЖАР ва бошқалар. Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон овоз бермаган.
Украина, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада, Япония ва бошқа бир қатор давлатлар ҳамкорлигида тайёрланган резолюцияда Россия томонидан 2022 йил 24 февралда Украинага уруш эълон қилингани қораланади. Муаллифлар, шунингдек, Россиянинг “ядро кучларининг тайёргарлигини ошириш” қарорини қоралаган. Резолюцияда айтилишича, Бош Ассамблея Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкорлигидан чуқур афсусда ва Россия Федерациясидан Украинага куч ишлатишни зудлик билан тўхтатишни ҳамда БМТнинг бошқа давлатларига таҳдид қилишдан тийилишни талаб қилади.
Резолюцияга кўра, БМТ Бош Ассамблеяси, шунингдек, Россия Федерациясидан ўзининг барча қуролли кучларини Украина ҳудудидан халқаро миқёсда тан олинган чегаралар доирасида зудлик билан, тўлиқ ва ҳеч қандай шартларсиз олиб чиқиб кетишни талаб қилади.
Ҳужжат Москвадан ДХР ва ЛХРни тан олишдан зудлик билан ва сўзсиз воз кечишни ҳамда барча томонлардан Минск келишувларига риоя қилишни талаб қилади. Матнда, шунингдек, Бош Ассамблея Беларуснинг Украинага қарши куч ишлатишда иштирок этганидан афсусда экани таъкидланган ва Минскдан халқаро мажбуриятларини бажариш талаб қилинган. Резолюцияда “Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги зиддиятни сиёсий мулоқот ва музокаралар орқали зудлик билан ҳал этиш” талаб қилинган.
Жорий йилнинг 25, февраль куни Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ ва Албаниянинг Россия Федерациясини Украинадаги урушни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига вето қўйганди. АҚШ элчиси Линда Томас-Гринфилд бу масалани БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамасига ўтказишга ваъда берган.
Тасодифий хабарлар
Буюк Хитой деворининг бир қисми зилзила туфайли қулаб тушди. Жабрланганлар бор
Поезд «Жентра»ни судраб кетди
“iPhone 13” эгалари пушти экрандан шикоят қилишмоқда
"Россия" махсус ҳаво бўлинмасининг самолёти Афғонистонга учмоқда
Наманганда жангда ўлган роҳиба суяк қолдиқлари мавжуд ибодатхона топилди