Оила – муқаддас даргоҳ. Биргина шу «муқаддас» сўзи оилага бўлган муносабатимизни тўла англатади. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни беқиёсдир.
Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, коррупция каби иллатларга қарши кураш қанчалик кенг кўлам касб этмасин, натижа мақтанарли эмас. Аслида ҳар бир инсон оилада уларга қарши иммунитет билан тарбия топса – олам гулистон, ўз-ўзидан барҳам топиб кетади.
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилиняпти, бироқ шу билан бир қаторда, мазкур соҳадаги ишлар таҳлили оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда қатор камчилик ва тўсиқлар ҳам кўзга ташланаётганидан дарак бермоқда.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, маиший зўравонлик жабрдийдаларини ҳам, оила аъзоларига нисбатан куч ишлатадиган шахсларни ҳам маълумоти ёки ижтимоий мақоми бўйича ажратиб бўлмайди. Маиший зўравонлик ҳолати юқори иқтисодий мақомга эга бўлган оилаларда ҳам, кам таъминланган оилаларда ҳам бирдай намоён бўлади. Қолаверса, моддий таъминоти юқори бўлган оила аъзоларининг бу вазиятдан чиқиш учун ёрдам сўраши нисбатан мураккаброқ экани аниқланган ва улар йиллар давомида зўравонликка чидаб келади.
Маъмурий ҳудудларда яшовчи ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларни ўз вақтида аниқлаб, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни ўз вақтида аниқлаб, улар билан манзилли профилактика ишларини ташкил этиш, ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликнинг сабаб ва шароитларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш маиший зўравонликнинг олдини олиш борасидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Жиноятчилик носоғлом маънавий-руҳий муҳит таъсирида вужудга келади. Содир этилаётган айрим жиноятларни таҳлил этадиган бўлсак, оиладаги нотинч муҳит ота ва ўғил ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлган ва ўғилнинг отага қарата: «Менга ақл ўргатманг» деган жаҳломуз айтилган сўзи ота томонидан фарзанднинг пичоқланишига сабаб бўлган. Бу оилада тарбиянинг заифлиги, ота-оналарнинг ўз муаммолари сабабли келишолмай, оилада носоғлом муҳит яратгани ва фарзанд тарбиясига масъулиятсизлик билан қараётганидан далолат беради,
Фаровон оилани бунёд этишда Канада тажрибаси кенг эътироф этилган. Нима учун? Чунки, Канада давлатида оиладаги ҳуқуқий профилактика бўйича бир йилда элликдан ортиқ ҳужжатли фильм, видео-роликлар олинади. Агар бизнинг юртимизда ҳам маиший турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид видеофильм, реклама ва бошқа материаллар тайёрланиб, ОАВда мунтазам равишда намойиш этилса, бу оилаларда соғлом маънавий муҳит қарор топишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Б.Обидов
Жиноят ишлари бўйича
Поп туман судининг судьяси
Тасодифий хабарлар
Наманганда содир бўлган ЙТҲ оқибатида 2 велосипедчи халок бўлди
Янгиланган прогноз. Ўзбекистонда коронавирусга эртароқ барҳам бериладими?
Сингапур ва Жанубий Корея Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами юборди
Қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади
АҚШ Ўзбекистонни коронавирус тарқалиш даражаси номаълум давлатлар қаторига киритди