Тўқаев намойишчиларни огоҳлантирмасдан отишга буйруқ берди

Тўқаев намойишчиларни огоҳлантирмасдан отишга буйруқ берди

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халққа мурожаати чоғида террорчиларни огоҳлантирмасдан ўлдириш учун ўт очишга буйруқ берганини айтди. 

“Қароқчилар қўлидан нафақат маъмурий бинолар, балки тинч аҳолининг шахсий мулки ҳам жабр кўрди. Мен ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман”, деган сиёсатчи. 

Унинг сўзларига кўра, тўқнашувларда юзлаб одамлар жароҳатланган. Тўқаевнинг таъкидлашича, расмийлар намойишчиларнинг тинч шаклда билдирилган барча талабларини эшитган. Шу билан бирга, ҳукумат террорчилар билан музокаралар олиб бориш ниятида эмас. 

“Хорижда томонларни муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказишга чақириқлар қилинмоқда. Қандай аҳмоқлик, жиноятчилар ва қотиллар билан музокаралар қандай бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилган Тўқаев. 

Таъкидланишича, вазият барқарорлашгани сари мамлакат раҳбарияти ҳудудларда фавқулодда ҳолат режимини босқичма-босқич олиб ташлаб, интернетни тиклайди. 

Тўқаевнинг сўзларига кўра, “ким таслим бўлмаса, йўқ қилинади”. Мамлакат раҳбариятига кўра, биргина Олма-отага 20 минг бандит ҳужум қилган. 

Қўзғатувчилар, Қозоғистон давлати раҳбарининг сўзларига кўра, “чет эллик шахслар” бўлган. Тўқаев ҳарбий ёрдам сўраб қилган мурожаатига “жуда тез, энг муҳими, ўртоқлик муносабати билан жавоб берган” Россия Президенти Владимир Путинга миннатдорлик билдирган.

Қозоғистоннинг амалдаги давлат раҳбари намойишчиларни террорчилар деб атамоқда. Шу боис у Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини ёрдамга чақирди. Бироқ бугунгача Қозоғистондаги намойишларни ташқи кучлар ташкил этгани ва уларда халқаро террорчилар ва халқарор террорчилик гуруҳларига аъзолар аниқлагани ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас.

×