Мирзиёев Алиевни 60 ёшни қаршилагани билан табриклади

Мирзиёев Алиевни 60 ёшни қаршилагани билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни 60 ёшни қаршилагани билан қутлади.

“Ҳурматли Илҳом Ҳайдар ўғли Сизга олтмиш йиллик юбилейингиз муносабати билан самимий ва эзгу тилакларимни билдиришдан жуда мамнунман.

Ўтган даврда Сиз халқаро майдонда катта обрў-эътибор ва ишонч қозонган, ўз мамлакати тараққиёти ва халқи фаровонлигига муносиб ҳисса қўшган ҳақиқий раҳбар, давлат арбоби сифатида муносиб эътироф этилдингиз”, дейилади табрикда.

Шавкат Мирзиёев бугун Озарбайжонда Алиев раҳбарлигда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, самарали қурилиш ишлари амалга оширилаётганини таъкидлаган.

“Жорий йилнинг ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитида сизга топширилган “Турк дунёси олий ордени” қардош халқларимиз ҳамжиҳатлиги ва минтақада барқарорликни таъминлаш борасидаги кенг кўламли фаолиятингиз эътироф этилганининг ёрқин далилидир.

Сўнгги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги стратегик шериклик муносабатлари халқларимизнинг умумий тарихий, диний ва маданий илдизлари асосида, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида фаол ривожланиб бораётганидан ғоят мамнунмиз”, деган Шавкат Мирзиёев табригида.

Ўзбекистон раҳбари юқори ва олий даражадаги музокаралар мунтазам давом этаётганини, айниқса, жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган самарали мулоқот ва учрашувлар ики давлат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этган.

“Ҳурматли Илҳом Ҳайдар ўғли, фурсатдан фойдаланиб, сизни ҳаётингизнинг унутилмас куни билан яна бир бор табриклайман. Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, масъулиятли давлат фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Озарбайжон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва янада юксак тараққиёт тилайман”, дея сўзини якунлаган Ўзбекистон Президенти.

Маълумот учун, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 1961 йил 24 декабрь куни таваллуд топган. У 2003 йил 31 октябрдан бери Озарбайжонни бошқариб келади.

×