Меҳнат вазири меҳнат ҳуқуқини билмайдиган ходимлар ҳақида гапирди

Меҳнат вазири меҳнат ҳуқуқини билмайдиган ходимлар ҳақида гапирди

“Меҳнат қонунчилигида 8 соатли иш вақти белгиланган ва бу умумий тажрибадаги соат 9:00 дан 17:00 гача бўлади. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқи бор, иш вақти тугадими — ишни тарк этиш керак”, — дейди Меҳнат вазири.

21 декабр куни ўтказилган Тошкент ёшлар форумида Меҳнат вазири Нозим Ҳусанов иштирок этди. Вазирга берилган саволлардан бири Ўзбекистондаги айрим ташкилотларда иш вақти тугаса-да, бошлиқ кетишини кутадиган ёки белгиланган вақтдан кўп ишлайдиган ходимлар тўғрисида бўлди. Уларга қандай ёрдам берасизлар, дея вазирлик раҳбарига юзланди ёшлардан бири.

Нозим Ҳусановга кўра, барча ишчи-ходимлар ўз ҳуқуқларини билишлари ва ундан фойдалана олишлари керак. 

 “Блогерлар ташкилотларга бориб мана соат 21:00, чироқлар ёниқ турибди, ходимлар ҳали ҳам ишлаяпти, деб муаммони ёритишмоқда. Бу борада ишчи-ходимлар ҳуқуқий онгини оширишимиз керак. Ҳар бир ходим ишга кираётганда меҳнат шартномаси имзолайди. Ҳужжатнинг иш вақти, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича 3 та асосий томони бор. Ҳеч қайси меҳнат шартномасида соат кечки 22 гача ёки дам олиш куни ишлаш деган жойи йўқ.

Меҳнат қонунчилигида 8 соатли иш вақти белгиланган ва бу умумий тажрибадаги соат 9:00 дан 17:00 гача бўлади.

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқи бор, иш вақти тугадими — ишни тарк этиш керак. Қачонки, иш берувчи томонидан ишдан вақтли кетиб қолдинг, деган тазйиқ бўлса, унда бизнинг вазирликдаги меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш мумкин. Биз уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз.

Ҳар бир ходим ўз ҳақ-ҳуқуқидан фойдалана билиши керак. Агар у ҳақ-ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилишни бошламаса, бу нарсани тартибга солиш қийин”, — дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, айни пайтда республикада 521 мингта ташкилот бор. Уларнинг ҳаммасига биттадан қоровул қўйишнинг иложи йўқ. Қачонки ишчи-ходимлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилсагина, меҳнат қонунчилигига амал қилиш тартибга тушади.

Аввалроқ, Нозим Ҳусанов Kun.uz’га берган интервьюсида ватандошларни чет элларга ишга юбориш бўйича вазифалар ижроси ва янги режалар ҳақида гапирганди.

×