Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш, балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга кўрсатма берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 20 декабрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида молиявий масалалар ҳал қилиниб, барча имкониятлар яратиб берилганига қарамай, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда камчиликлар сақланиб қолаётганига эътибор қаратди. Кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш, ўз ҳудудида зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли захирасини шакллантириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш барча даражадаги ҳокимларнинг диққат марказида бўлиши кераклиги таъкидланди.
«Дунёда озиқ-овқат нархларининг ўсиши, инфляция хавф-хатарлари келгуси йилда озиқ-овқат хавфсизлиги энг долзарб масала бўлиб қолишини яққол кўрсатмоқда. Шу боис, вилоят ҳокимлари ўз ҳудудида балиқ етиштириш ҳолатини таҳлил қилиб, тадбиркорлар ва аҳоли хонадонларига барча шароитларни яратиб бериш бўйича тизимли шуғулланиши зарур», деди президент.
Ўтган беш йилда мамлакатимизда балиқчилик тармоғида умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 1016 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, жорий йилда 400 минг тоннага етказилади. Балиқ истеъмол қилиш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5,7 баробарга ошди.
Йиғилишда бу кўрсаткичлар етарли эмаслиги, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани танқид қилинди.
Навоий, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик ҳалигача гектарига 3-4 тоннани ташкил этаётгани, ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан сунъий ҳавзаларни интенсивлаштириш, тармоқда кластерлар ва кооперация тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Келгуси йилда балиқ етиштириш ҳажмини 600 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Бунга эришиш учун Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилади. Хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилади. Хориждан мутахассис жалб қилган кластерларга эса харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби ўрнатилади.
Уйида балиқ етиштирувчилар учун «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган кредитлар миқдори 2 баробарга оширилади, бу мақсадларга келгуси йилда 400 миллиард сўм ва 20 миллион доллар йўналтирилади.
Балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади.
Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туманларида аҳолини балиқ етиштиришга ўргатиш бўйича тажриба ўтказилиб, келгуси йил 1 июндан Навоий, Сирдарё ва Фарғонада ҳам кенг жорий қилишга кўрсатма берилди.
Шунингдек, йирик балиқчилик лойиҳаларига келгуси йилда 20 миллион евро жалб қилиш режалаштирилган.
Ҳосилдорлиги паст бўлган 21 минг гектар сунъий ҳавзаларда ҳосилдорликни 3 баробарга ошириш ва қўшимча 190 минг тонна балиқ етиштириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун 2,2 мингта хўжаликни 50 мингта сувни кислород билан бойитиш ускунаси – аэратор билан жиҳозлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга ушбу имкониятлардан фойдаланиб, янги лойиҳаларни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва ички бозорни балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш юзасидан топшириқлар берилди.
Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари балиқчиликда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди ҳамда 2022 йилги режаларини тақдимот қилди.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда таксичига пичоқ тираб, пулларини олиб қўйганлар ушланди
Самарқандда “опий” сақланган пропан газ баллони портлади
Алишер Усмонов ҳам санкция остида қолиши мумкин
Кореяга кета олмаётганлар масаласида расмий изоҳ берилди
Тезкор: Тўрақўрғон марказий шифохонаси карантинга олинди