Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудлардаги ходимлари бузиш ишларида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас. Агар улар шундай ишларда иштирок этса, уларга нисбатан интизомий чора кўрилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Тошпўлатов Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида айтиб ўтди.
Шунингдек, вазир ўринбосари ҳудудлардаги ходимлардан маҳаллий ҳокимлар томонидан мажбуран “снос”ларга жалб қилиш бўйича шикоятлар келиб тушмаганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева мамлакатдаги бирор вилоят, туман ёки шаҳарда фуқароларнинг уйини ўзбошимчалик билан бузишга маҳаллий ҳокимликлар ҳудуддаги Ички ишлар вазирлиги ходимларини ҳам жалб қилаётганига тўхталиб, масаланинг катталашиб кетишининг олдини олиш учун ИИВ ҳам ўз ходимларидан шикоят келишини кутиб турмасдан одамларнинг кайфиятидан келиб чиқиб чора кўриши кераклигини таъкидлади.
“Шундай ҳолатлар (ҳудудларда ИИБ ходимларининг “снос”га жалб қилиниши) бўлса, вилоят, туман, шаҳар ИИБ бошлиғи чора кўриши керак. У шикоят тушиш-тушмаслигига қарамасдан одамларнинг кайфиятидан келиб чиқиб, норозиликка сабаб бўлаётган масала ловиллаб, республика даражаси, дунё миқёсига чиқиб кетмасидан ўша ернинг ўзида қонунийликни таъминлаши мумкин”, деди Танзила Норбоева.
Сенат раиси ҳудудлардаги ИИБ бошлиқлари ўша ерда қонун устуворлиги учун жавобгарлигини таъкидлади.
“ИИБ раҳбари ўша ҳудуддаги тинчликка жавобгар. Ҳозир Ўзбекистон ҳамма жойда шарманда бўлиб ётибди”, деди Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари “снос” масаласида жиддий норозиликларга сабаб бўлгани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кескин танқидига учради. Давлат раҳбари 3 вилоят ҳокимига халқдан узр сўрашни тайинлагандан кейин улар одамлардан кечирим сўради. Суннатилла Абдуллаев
Тасодифий хабарлар
Наманганда "Lacetti" велосипедчини уриб юборди
Наманганда МЧЖ ишчилари бўлган "Дамас" ЙТҲга учради. Ҳайдовчи ҳалок бўлган
Россия Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича ўз шартини айтди
Ўзбекистонда йил бошидан бери ЙТҲлар оқибатида 226 нафар бола ҳалок бўлди
Бугун БААга қарши муҳим ўйин. Футболчиларимиз қандай тайёргарлик кўрмоқда? (фото)