Алиев ва Эрдўған арманлардан озод қилинган Фузулида янги халқаро аэропортни очиб берди

Алиев ва Эрдўған арманлардан озод қилинган Фузулида янги халқаро аэропортни очиб берди

Бугун, 26 октябрь куни Қорабоғнинг Фузули шаҳрида янги аэропорт ишга туширилди. Ҳаво бандаргоҳини Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған очиб берди. 

Аҳамиятлиси Эрдўғаннинг самолёти Бакуга эмас, тўғридан-тўғри Қорабоғга қўнди. Шу тариқа Туркия етакчиси Фузул аэропортига борган илк давлат раҳбари бўлди.

Алиев ва Эрдўған тасмани кесиб, аэропортни очиб берди. Уларга Фузули халқаро аэропортининг рамзий калитлари топширилди.

Шундан сўнг, Озарбайжон ва Туркия Президентлари аэропортдаги шароитлар билан танишди.

Маълумот учун, Фузули халқаро аэропортининг тамал тоши 2021 йил 14 январда қўйилганди. Илк синов парвози жорий йилнинг 22 август куни амалга оширилган. Терминал соатига 200 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади.

Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.

×