Гулнора Каримованинг қизи бобоси билан видолашишга рухсат берилмаганини айтиб чиқди

2 сентябрь куни Ўзбекистон бўйлаб мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган кун муносабати билан хотирлаш маросими ўтказилди.

Ислом Каримовнинг набираси, Гулнора Каримованинг қизи Имон Instagram’даги саҳифасида бобоси вафот этган кунни хотирлаб пост қолдирди. Аҳамиятлиси, у Бобосини сўнгги бор соғлом ҳолатда, теннис ўйнаётганда кўрганини айтган.

“Мен сизни сўнгги бор кўрган вақтимни эслайман, сиз теннис ўйнаётган эдингиз. Мен сиз бошқа биз билан эмаслигингиз ҳақида эшитганимни ҳам эслайман. Мен телевидениеда эълон қилишмагунча бунга ишонмаганман”, дейди Имон Каримова.

У сўзида давом этиб, бобоси билан хайрлашиш учун имкон беришмаганини, аммо булар ҳақида кўп ҳам гапиришни хоҳламаслигини айтиб ўтган.

“Мен кўп гапиришни хоҳламайман, чунки бу ҳеч қачон етарли бўлмайди ва ҳеч нимани ўзгартирмайди. Мен фақатгина сиз билан муносиб хайрлашишга рухсат беришмаганидан афсусдаман. Сиз доим қалбимиздасиз. Биз сизни фақат бугун хотирламаймиз, балки ҳар куни. Сиз бизга бир вақтда ҳам ота, ҳам бобо эдингиз ва сиз билан ҳеч қачон зерикмаганмиз. Болалик учун сизга раҳмат!”, деган Имон.

Маълумот учун, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён жиноятлари учун жавоб бермоқда. У айни вақтда ҳибсда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон эса айни вақтда Лондонда таҳсил олмоқда. Каримовлар оиласидан фақат Татьяна Каримова Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республикаси жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.

Оила фарзандлари ўртасида муносабатлар ҳам кўнгилдагидек эмас. Хусусан, Лола Каримова 2013 йилда халқаро оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдирки муносабатлари яхши эмаслигини айтган.

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов эса 2016 йилда ОАВга интервью бериб, онаси ва холаси Лола Каримова ўртасидаги зиддиятларда марҳум бобосини айблаганди.

×