Кечиктирилган пенсия ва нафақа пуллари қачондан тўланиши маълум қилинди

Кечиктирилган пенсия ва нафақа пуллари қачондан тўланиши маълум қилинди

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан 1—5 сентябрь кунлари дам олиш деб эълон қилингани боис пенсия ва нафақаларни тўлаб бериш муддати узайтирилмоқда. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг қўшма баёнотида қайд этилган.

Президентнинг 2020 йил 3 декабрдаги “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармонига асосан, 1—5 сентябрь кунлари барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилинган.

Шу муносабат билан фуқаролар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олиш ҳамда пенсия ва нафақа олувчиларнинг оворагарчиликларига йўл қўймаслик мақсадида Пенсия жамғармаси ва Халқ банки баёнот билан чиққан.

Унга кўра, сентябрь ойи учун бериладиган пенсия ва нафақа тўловлари нақд пул шаклида 6—7 сентябрь санасидан бошлаб амалга оширилади ҳамда белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади.

Шунингдек, пенсия ва нафақа тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи фуқароларга маблағлар 6—7 сентябрь кунлари уларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Бугунга қадар Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2753-сонли фармонига мувофиқ, пенсия ва нафақа пуллари ҳар ой биринчи банк иш кунидан бошлаб 27-санасига қадар тўлаб келинаётган эди.

Хусусан, тўловлар кунлик график асосида (дам олиш кунларидан ташқари) маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда етказиб келинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилиши тўғрисида хабар берилганди. Фармонга кўра, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 622 000 сўм этиб белгиланган.

×