Вазият кескинлашмоқда. Ўзбек-афғон давлат чегараси ёпилди

Вазият кескинлашмоқда. Ўзбек-афғон давлат чегараси ёпилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра, Республика махсус комиссияси Афғонистон Ислом Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олиб, ўзбек-афғон Давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Шу билан бирга, Афғонистон Ислом Республикаси фуқароларига туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Бунда «Термиз-автойўл» чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси фуқароларига.

Шунингдек, «Термиз-автойўл» чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари  эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилмайди.

Бундан ташқари, синов тариқасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Ўзбекистон Республикасига чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келган барча шахслардан, республика ҳудудига кириб келганларидан сўнг 7-кунига қадар коронавирус инфекциясига полимераза занжирли реакция текширувини ўтказиш ва бунда тест харажатларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилади.

×