Москва шаҳрида 500 нафардан ортиқ ўзбекистонлик муҳожир норозилик билдириб, иш жойи ҳовлисига чиққан. Жонли эфир вақтида мигрантлар муаммосига Ўзбекистон масъуллари, ўзбек ОАВлари ва Россия ОАВлари эътибор беришини хоҳлашаётганини билдиришган.
Қайд этилишича, 500 нафардан ортиқ муҳожирлар Россияга Ўзбекистоннинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тарафидан расмий равишда олиб келинган. Яъни, улар Беларус ёки бошқа йўллар орқали ноқонуний кириб келганлардан эмас. Давлат тарафидан Россиянинг «АНТЭК» қурилиш ташкилотига ишлашга келган муҳожирларга иш берувчи билет олиб берган. Ётоқхонага жойлашишган. Жонли эфир вақтида намойиш ўтказаётган мигрантлар уч ойдан буён ётоқхонадан ҳеч қаерга чиқа олишмаётганини айтишган.
Ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги баёнот берди.
Россия Федерациясининг «АНТЭК» қурилиш компаниясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари С.Мансуров, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси маслаҳатчиси А.Зиямухамедовлар воқеа жойига борган, фуқаролар ва масъул шахслар билан учрашиб, ҳамюртларимизнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишган.
Ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди:
- фуқароларнинг карантин шароитида бўлиш даври чўзилиб кетган. Россия Федерацияси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш бўйича федерал хизмати (Роспотребнадзор) томонидан ўтказилган текширишлар натижасида айрим фуқароларда коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли улар икки ойга яқин вақт давомида карантин ҳудудида бўлиб турибди;
- иш берувчи ташкилотлар ходимлари томонидан ишчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари олиб қўйилган.
Натижада, карантин ҳудудида бўлиб турган фуқароларда ишлаш ҳуқуқини берувчи патентни расмийлаштириш учун ваколатли органларга мурожаат қилиш муддатининг ўтиб кетаётгани ва расмийлаштирилган патент учун тўловларнинг амалга оширилмаётгани сабабли бекор бўлиши каби хавотирлар пайдо бўлган.
Шунингдек, фуқаролар учун овқат ташкил этиш билан боғлиқ ҳамда ётоқхона хавфсизлиги ходимлари билан муаммолар юзага келган.
«Айни пайтда ушбу вазият назоратга олинган бўлиб, юқоридаги муаммоларни бартараф этиш, хусусан, паспортларни фуқароларга қайтариш, қурилиш объектларида иш бошлаш жараёнини тезлаштириш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш бўйича «АНТЭК» МЧЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борилмоқда», дейилади расмий баёнотда.
Тасодифий хабарлар
Жазо кучайди: энди карантинни бузганлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади
Азиз Абдувалиев Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби—ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди
Наманганда қиморбозлар пичоқлашгани айтилган видео юзасидан ИИБ ахборот хизмати маълумот берди
Фатво маркази Мадинада пул эвазига хурмо экишга муносабат билдирди
Ўзбекистонда саратонни 99 фоиз даволовчи дори яратилгани рад этилди