“Агар сени кўчада кўриб қолсам, билиб қўй, ўлдириб кетаман!” — Ўқитувчи ўқувчисининг онаси томонидан аёвсиз калтакланди

“Агар сени кўчада кўриб қолсам, билиб қўй, ўлдириб кетаман!” — Ўқитувчи ўқувчисининг онаси томонидан аёвсиз калтакланди

Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактаби ўқувчисининг онаси, ўқитувчини мактабда дўппослаб кетгани ва бу аянчлиси ҳодиса айнан ўқувчилар кўз ўнгида юз бергани хақида маълумот тарқалди. Унда айтилишича воқеа юзасидан таълим муассасаси ИИБ ва прокуратура органларига мурожаат қилинганига 10 кундан ошган бўлсада шу кунга қадар хеч қандай чора кўрилмаган.

Шунингдек, мактабда ўтган йили ҳам шунга ўхшаш ҳодиса юз бергани ва ҳуқуқ-тартибот органларига қилинган мурожаат ўша вақтда ҳам очиқлигича қолгани айтилган

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан “Zamon.uz” мухбири Тошкент вилояти Халқ таълим бошқармаси ахборат хизмати раҳбари Айдос Ермекбаев билан боғланди. Берилган маълумотга кўра, воқеа 2020 йил 26 декабрь куни Оҳангарон шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.

2020 йил 26 декабр куни соат таҳминан 11:40 ларда мактаб биносининг 3-қават 27-хонасида олтинчи соат бошланган вақтда 8-Г синфида тарих фани ўқитувчиси Аҳмедова Севара томонидан “Заковат” тадбири бўлиб ўтган. Тадбир тугаши арафасида 8-Г синф раҳбари Эргашева Азиза синф хонасига келиб, Ахмедова Севарани ташқарига чақириб, синф ўқувчиси И.нинг онаси келаётганини, ушбу ўқувчи билан нимадир содир бўлмадими? -деб сўраган. Фан ўқитувчиси хеч нарса бўлмаганини, И билан ҳаттоки гаплашмаганини айтган. Ҳеч қанча вақт ўтмай мактаб эшигини тепиб И.нинг онаси М.Х кириб келган. М. Х. 8-Г синф хонасига кириб, “Қайси биринг Севарасан?” деб сўраган. Ўқитувчи мен дейиши билан,”Сенми ҳали тўрт кўз” деб ўқитувчига ташланиб, тепиб, бошини 2-3 маротада доскага урганидан сочидаги соч тўғноғичи синиб, зарбдан кўз ойнаги отилиб ерга тушиб синиб кетган.

Бу ҳунук манзарадан ўқувчилар ҳам қўрқиб кетишган. Ўқитувчи Аҳмедова Севаранининг тадбири таҳлилига кирган фан ўқитувчилари М.Комилова ва С.Қаҳҳарова ҳам ажратишга ҳаракат қилганларида она уларга нисбатан ҳақоратли, уятсиз сўзлар билан аёл кишига хос бўлмаган сўзларни гапирган. Аҳмедова Севарага нисбатан “Агар сени кўчада кўриб қолсам, билиб қўй, ўлдириб кетаман!”-деб таҳдид қилган.

Бошқа хоналарда дарс ўтаётган фан ўқитувчилари бақир-чақир овозидан синф ҳонага етиб келишиб М.Х.ни тўхтатишга харакат қилишган, лекин аёл ҳеч кимга қулоқ солмай “Қайси биринг қизимга ёмон муомилада бўлсанг ҳаммангни қўшиб ураман”, деб бақир–чақир қилиб ҳар-хил гаплар билан ўқитувчиларга нисбатан таҳдид қилган. Воқеа жойига мактаб раҳбари ҳам етиб келиб М.Ҳ.ни тинчлантиришга ва тартибга чақиришга ҳаракат қилган. Бироқ аёл мактаб директорини ҳам сенсираб “Сени ҳам ураман”, деб куракда турмайдиган ҳақоратли сўзлар айтган.

Ушбу ҳолат юзасидан мактаб жамоаси томонидан тегишли ташкилотларга шикоят ва ариза хатлари жўнатилган.

×