Мардикорга салом бермаган эркак пичоқланди

Мардикорга салом бермаган эркак пичоқланди

Жорий йилнинг 4 январь куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги марказий буюм бозорида пичоқбозлик юз берди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти Матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, спиртли ичимлик таъсирида бўлган О.П. Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги марказий буюм бозорида ўзи билан мардикорлик қиладиган танишларининг олдига бориб, саломлашмоқчи бўлган. Лекин, ташинларидан бири – А.С. О.П. нинг маст эканини айтиб, у ердан кетиб қолган. Шундан сўнг, О.П. нинг жаҳли чиқиб, мазкур бозор ҳудудида жойлашган ошхонадан пичоқ олиб, А.С. нинг орқасидан бориб, унга беписанд муносабатда бўлдинг, дея қорин бўшлиғига бир маротаба уриб, қасддан тан жароҳати етказган. Оқибатда А.С. Бекобод шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. 

Хабарга кўра, ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов давом этмоқда. Ҳодиса жойини кўздан кечириш вақтида қон доғлари мавжуд бўлган ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилган. Жиноят иши юзасидан гумон қилинувчи О.П. Бекобод шаҳар ИИБ вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасида сақланмоқда.

Гумонланувчи О.П. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” ва “л” бандлари (безорилик оқибатида, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

×