Қашқадарёда 33 ёшли мансабдор ўзини осиб қўйди, у аввал ДХХда ишлаган

Қашқадарёда 33 ёшли мансабдор ўзини осиб қўйди, у аввал ДХХда ишлаган

Қарши шаҳар халқ таълими бўлими масъули, бўлимнинг ходимлар бўйича мансабдори Ф.Р. ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда “Дарё” хабар берди.

Нашр мухбири билан суҳбатлашган шаҳар ХТБ мудири Наргиза Самадова ушбу хабарни тасдиқлаб, воқеа 26 декабрь, шанба куни содир бўлганини айтди.

“Менга ҳам Пахтазор туманининг профилактика инспектори қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида хабар берди. Лекин воқеа айнан қачон содир бўлганини билмайман”, деди Наргиза Самадова.

Шаҳар ХТБ мудири Наргиза Самадованинг маълумот беришича, воқеа ходимнинг янги сотиб олган, аммо битмай қолган “дом”ида содир бўлган.

“Эшон шаҳит” томондан қурилиши битмай қолган уйлардан харид қилган экан. Айнан ўша ерда ўзини осиб қўйган”, дейди масъул воқеа ҳақида билганини айтар экан.

ХТБ мудирининг маълумот беришича, марҳум ўлимидан аввал икки кунга ишдан рухсат сўраган.

“Биринчи куни отамнинг тоби йўқ шифохонага олиб бораман деб рухсат сўраганди. Иккинчи куни эса таъзия чиқиб қолганини айтиб, бормаса бўлмаслигини билдирди. Шунинг учун рухсат бергандим”, дейди ХТБ мудири.

Таъкидланишича, бўлимнинг 33 ёшли ходими шаҳар ХТБда 2020 йил 11 мартдан буён фаолият юритиб келган. ХТБга ишга тайинланишидан аввал эса ДХХда фаолият юритган.

×