Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида етти нафар нотариуснинг лицензияси тўхтатилди

Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида етти нафар нотариуснинг лицензияси тўхтатилди

Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг тегишли қарорларига асосан нотариус тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги учун 7 нафар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг лицензиялари тўхтатилган. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига таяниб «Kun.uz» хабар берган.

Жумладан, Тошкент шаҳрида Мирзо Улуғбек туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Каландарова Шохида Атаназаровнанинг (лицензия ТN № 0125, 04.05.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 5 ноябридан 3 ой муддатга;

Миробод туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Шодманова Мохира Фурқатовнанинг (лицензия ТN № 0113, 29.04.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 5 ноябридан 3 ой муддатга;

Учтепа туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ташев Хабиб Хакимовичнинг (лицензия ТN № 0060, 23.04.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 5 ноябридан 1 ой муддатга тўхтатилган.

Шунингдек, Наманган вилояти Наманган шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Рахманов Хабибулло Носировичнинг (лицензия NА № 0040, 21.04.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 6 ноябридан 2 ой 15 кун муддатга;

Уйчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Хакимов Алимардон Собитхожаевичнинг (лицензия NА № 0032, 21.04.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 6 ноябридан 2 ой муддатга;

Поп туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Азбекова Элнора Муротжоновнанинг (лицензия NА № 0036, 21.04.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 6 ноябридан 2 ой муддатга;

Наманган шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Артиқов Абдурахим Абдурашидовичнинг (лицензия NА № 0033, 21.04.2020 й.) лицензияси 2020 йилнинг 6 ноябридан 1 ой муддатга тўхтатилган.

Таъкидланишича, шу кунгача Андижон, Жиззах, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи 16 нафар нотариуснинг лицензиялари тўхтатилган. Қайд этилишича, Адлия вазирлигининг маълумотида лицензияларнинг тўхтатиб туришининг сабаблари кўрсатилмаган.

Нотариат тўғрисидаги қонуннинг 15 (2)-моддасига кўра нотариус Нотариал палатага аъзолик бадалларини бир ойдан ортиқ муддат давомида тўламаганда — уч ойгача, аъзолик бадалларини тўлагунига қадар унинг лицензияси тўхтатилиши, шунингдек нотариус жиноий жавобгарликка тортилганда — у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан эътиборан ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар, нотариус қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда — бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга унинг лицензияси тўхтатилиши мумкин.

Қолган ҳолатларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас. Лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни, агар улар бартараф этиб бўлмайдиган хусусиятга эга бўлмаса, кўрсатилган муддатда бартараф этиши шарт.

×