“Ўзбеккино” мансабдорларига очилган жиноят ишининг Саида Мирзиёева ва “Мендирман Жалолиддин” сериалига алоқаси йўқ

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлигида аниқланган ҳолат бўйича Жиноят иши очилгани, айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу масала “Мендирман Жалолиддин” сериали ва лойиҳа раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўнғич қизи, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева билан алоқадор эмас. Гап бошқа фильм хусусида бормоқда. 

QALAMPIR.UZ  тўплаган маълумотларга кўра, лойиҳа ташкилий гуруҳи аввал бошдан “Ўзбеккино” маблағларини, шу жумладан сценарийни ҳам рад этган. Сериал тўла-тўкис ҳомийлик маблағлари эвазига суратга олинмоқда ва унинг QALAMPIR.UZ’га маълум бюджети 7 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳага бошчилик қилганлар, сериалга тайёргарлик жараёнлари бошланган илк кунларданоқ у ҳомийлик маблағи эвазига суратга олинаётгани ва сериални “Orient Finans Bank” молиялаштираётганини айтиб келмоқда. сўз билан айтганда унинг молиявий манбаси яширилгани йўқ. Тақдимот маросимида Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сериалга ҳомийлик қилгани учун “Orient Finans Bank” раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Юқорида таъкидланганидек, аввал бошданоқ ишчи номи “Менман, Жалолиддин” номли фильмга ажратилган “Ўзбеккино” МА маблағи ва Назар Эшонқул томонидан ёзилган бирламчи сценарий рад этилган. Сериални суратга олиш ишларида “Ўзбеккино” МА иштирок этмаган. 

Бош прокуратуранинг қайд этишича, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ишга “Orient Finans Bank” ҳомийлигида Туркия тайёрланаётган “Мендирман Жалолиддин” сериали ва ушбу лойиҳа раҳбариятининг алоқаси йўқ.

Мазкур жиноят иши қўзғатилишига Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлигида ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган.

Тергов жараёнида,“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.

Аниқланишича, 2018 йил 22 июнда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Best organaizer” МЧЖ ўртасида “Менман, Жалолиддин” номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн сўм маблағ тўлаб берилган.

“Мендирман Жалолиддин” номи билан Туркия Республикасидаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш харажатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.

Айни масала юзасидан "Ўзбеккино" Миллий агентлиг ҳам ўз муносабатини билдирди ва жиноят иши бу "“Мендирман Жалолиддин” сериалига алоқадор эмаслигини маълум қилди.

"Жиноят ишига Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёеванинг мутлақо алоқаси йўқ бўлиб, тарқатилган маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қиламиз", дейди агентлик.

Агентликнинг ҳам тасдиқлашича, ушбу жиноят иши айнан “Мендирман Жалолиддин” фильмига нисбатан очилган эмас.

"Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Агентлик ОАВ вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиларидан ушбу текширилмаган ахборотни ноўрин талқин қилмасликни сўрайди. Чунки бу тергов жараёнларига босим ўтказиш ёки таъсир кўрсатишга уриниш, дея  баҳоланиши мумкин", дейилади баёнотда.

×