Сооронбай Жээнбеков: "Мен президент лавозимидан кетишга тайёрман, фақат...”

Сооронбай Жээнбеков: "Мен президент лавозимидан кетишга тайёрман, фақат...”

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков республикада давом этаётган норозиликлар ортида халққа мурожаат қилди. У мамлакатда янги парламент сайловлари ўтказилиши ва аввалги ҳукуматни истеъфога чиқариш кераклигини айган. Жээнбеков ижрочи ҳокимият органларига қонуний раҳбарлар тасдиқлангандан кейин ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини таъкидлаб ўтган.  

“Мен учун ҳеч қандай лавозим давлат яхлитлиги, халқ бирдамлиги ва жамиятнинг осойишталигидан устун эмас. Биз юзага келган вазиятни имкони борича тезроқ қонуний йўлга қайтаришимиз лозим. Ижрочи ҳокимият органларига қонуний раҳбарлар тасдиқланиб, мамлакат қонунийлик йўлига тургач, мен президент лавозимидан кетишга тайёрман”, деб айтилган Жээнбеков баёнотида.

Жээнбековнинг таъкидлашича, юзага келган вазиятда мамлакат критик нуқтага етган. У сиёсий инқироздан чиқиш учун юз бераётган кадрлар ўзгаришига қонуний куч бериш кераклигини айтган. Жээнбеков парламентнинг тегишли қароридан кейин ҳукуматни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонни имзолашга тайёрлигини маълум қилган.

“Бош вазир ва ҳукумат аъзолари тайинланишига қонунийлик бериш учун Жогорку кенеш қарори ва президент фармони зарур. Мен тегишли фармонларни имзолашга тайёрман, Жогорку кенешдан қарорларни кутиб қоламан”, деб қўшимча қилган Қирғизистон президенти. 

Жээнбеков, шунингдек,  парламент - Жогорку кенешга янги сайловлар ўтказиш лозимлигини айтган. “Жогорку кенешга сайловлар натижалари бекор қилинди. Энди янги парламент сайловлари белгиланиши керак. Бу борадаги қарорни марказий сайлов комиссияси қабул қилади. Бу чоралар ҳозирги сиёсий кескинликни пасайтириши керак”, деб айтган Жээнбеков.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондаги сиёсий инқироз 4 октябрда ўтган парламент сайловлари натижалари эълон қилингандан бери давом этмоқда. Парламентдаги 120 ўрин учун 16 партия кураш олиб борган. Бироқ парламентга ўтиш учун зарур овозларни 4 та партиягина тўплай олган. Шундан кейин минимал зарур овоз тўплай олмаган партиялар тарафдорлари норозилик намойишлари бошлашган.

Натижада Қирғизистон марказий сайлов комиссияси сайловлар натижаларини бекор қилган. 6 октябрда Қирғизистон бош вазири Кубатбек Боронов истефога чиқишга қарор қилган, бироқ кейинроқ ўз лавозимига қайтишини маълум қилган. Бу орада парламент бош вазир лавозимига Садир Жапаровни тайинлаган.

×