Узоқ кутилган боди-камера. Тошкент кўчаларида камерали ЙПХ ходимлари пайдо бўлди

Узоқ кутилган боди-камера. Тошкент кўчаларида камерали ЙПХ ходимлари пайдо бўлди

Аслида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари 1 июлдан фақат бодикамералар билан ишлаши лозим эди. Унга кўра, 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлиги, мобил видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалиги айтилганди. Аммо кейинчалик ушбу қарор ижроси қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлда қабул қилинган «Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 556-сон қарори билан ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар ҳамда планшетлар билан таъминлаш 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра, жорий йилнинг 22 июлидан Тошкент шаҳрида боди-камераларни синов-тажриба тариқасида ишлатиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бериб ўтди.

Албатта, ЙПХ инспекторлари ҳайдовчи билан мулоқотга киришганда, уларнинг суҳбатлари боди-камерага ёзилаётгани ҳақида огоҳлантирадилар. Синов-тажриба натижалари нуфузли комиссия томонидан кўриб чиқилиб, ишлаб чиқарувчи ташкилотга тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим этилади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда боди-камералар билан бирга ЙПХ инспекторлари учун махсус ишлаб чиқилган жилетлар ҳам синовдан ўтказилмоқда.

×