Пахтага чиқмаган ходимларни ишдан бўшатиш мумкинми?

Пахтага чиқмаган ходимларни ишдан бўшатиш мумкинми?

Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсуми бошланди. Шу сабабли ҳар йили бўлганидек, жорий йилда ҳам аҳоли орасида ушбу мавзу актуал бўлиши табиий. Шунга кўра, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев муштарийлар томонидан энг кўп берилган саволларни тўплади.

Пахтага чиқиш мажбурийми?
Йўқ, мажбурий эмас! Мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас!

Пахтага ўрнига одам бериш мажбурийми?
Йўқ, мажбурий эмас! Мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас!

Пахтага пул бериш (ёки ойлигидан ушлаб қолиш) мажбурийми?
Йўқ, мажбурий эмас! Мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас!

Пахтага чиқмаслик фақат ўқитувчи ва шифокорларгами, бошқа ташкилотлар чиқишадими?
Йўқ, барчага мажбурий эмас. Қаерда, қайси ташкилотда, қайси лавозимда ишлашидан ёки ишсизлигидан қатъи назар.

Тадбиркорлар пахтага пул беришга мажбурми?
Йўқ, мажбур эмас. Буни талаб қилишга ҳеч кимнинг, на ҳокимият, на солиқчи ва на бошқасининг ҳаққи йўқ. Ўзи истаганлар пахта теримининг ташкилий ишлари учун хайрия қилиши мумкин. Лекин бу ерда энг муҳим жойи - хайрия ихтиёрий бўлиши керак, мажбурий эмас, ихтиёрий-мажбурий ҳам эмас!

Банкдагилар ўрнига одам беришга мажбурми?
Йўқ, мажбур эмас. Буни талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Маҳалладаги ишсизлар пахтага чиқишга мажбурми?
Йўқ, мажбур эмас. Лекин уйида ғирт бекорчи бўлиб, тайинли иш қилмасдан ётгандан кўра, ўз ихтиёри билан чиқиб, қўшимча даромад олиш мақсадида пахта теримига чиқиш тавсия этилади. Меҳнатдан биров ўлмаган, қайтанга 2-3 млн атрофида даромад олиши, рўзғорига фойда келтириши мумкин. Албатта бу ҳам фақат ихтиёрий бўлиши керак.

Пахта теримига чиқмоқчи бўлганларга қаерга мурожаат қилиши керак?
Ўз ихтиёри билан пахтага чиқмоқчи бўлганлар terim.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлимларига ёхуд 712000602 телефон рақамига ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Пахтага чиқмаган ходимларни ишдан бўшатиш мумкинми?
Мумкин эмас. Бундай ҳолатда ходимлар қайта ишга тикланади.

Маҳалла раиси пахтага чиқмаган аёлларнинг нафақасидан пул ушлаб қолиши мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Айрим ҳолларда маҳалла раиси пахтага чиқмасанг, бутунлай нафақангни қирқиб ташлайман, ёки нафақа учун ариза берганларга пахтага чиқмасанг, нафақа тайинламайман, деб ҳам қўрқитади, мана шу талаблар ҳам қонунга хилоф.

Шифокорлар пахтага чиқиши айтиляпти-ку!?
Ҳа, ўтган йилдаги каби шифокор ва ҳамширалар пахта теримига жалб этилиши мумкин, лекин улар пахта териш учун эмас, балки ўз хизмат вазифасидан келиб чиқиб, теримчилар отрядига тиббий хизмат кўрсатиш учун хизмат сафари тарзида бириктирилади. Улар теримчиларнинг соғлиғини доимий назорат қилиб туришади, зарур бўлганда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишади. Бу мажбурий меҳнат ҳисобланмайди.

1 кг пахта тергани учун қанча ҳақ берилади?
Умумий ҳолатда қўл билан терилган 1 кг пахта учун биринчи теримда 1000 сўм берилади. Аҳоли кам бўлган айрим ҳудудларда эса 1-терим камида 1200 сўм қилиб белгиланган. Иккинчи теримда эса 1400 сўм тўланади, айрим туманларда 1600 сўмдан бошлаб берилади.

Агар мажбурий меҳнат ҳолатига дуч келинса, қаерга мурожаат қилиш мумкин?
Агар мажбурий меҳнатга жалб қилинсангиз қуйидаги ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин:

Ишонч телефони: 1176 ёки 1092

×