8 йил аввал бедарак йўқолган 17 яшар қизнинг дараги чиқди. Уни ўгай отаси....

8 йил аввал бедарак йўқолган 17 яшар қизнинг дараги чиқди. Уни ўгай отаси....

Саккиз йил аввал бедарак йўқолган 17 яшар (ўша пайтда) қизнинг дараги чиқди. У қотиллик қурбони бўлган экан. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Воқеликка кўра, 2012 йилнинг 9 сентябрь куни 1995 йилда туғилган зангиоталик Н.Ғ. «Эски Жўва» бозорида йўқолиб қолади. Қизнинг тўсатдан ғойиб бўлиши унинг руҳий носоғломлигига боғлангани бор гап. Бироқ Н. Ғ.ни Т.Санжар деган фуқаро номаълум томонга олиб кетгани ҳақидаги (қизнинг яқинлари айтган) кўрсатмалардан келиб чиқилиб, ўша пайтдаёқ унга (Т.Санжарга) нисбатан ЖК (Жиноят кодекси)нинг 137-моддаси («Одам ўғрилаш») билан жиноят иши қўзғатилади. Аммо ўтказилган дастлабки тергов жараёнида гумондорни айблаш учун етарли далиллар бўлмагани учун жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилади.

Бош прокуратура масъулининг ахборотидан жиноят иши марказий маҳкама томонидан назорат тартибида ўрганилиб (01.04.2020 й.), унда қотиллик жинояти аломатлари борлиги эътиборидан «дело» ЖКнинг 137-моддасидан 97-моддаси («Одам ўлдириш») 1-қисмига қайта малакалаш тўғрисида қарор чиқарилгунича Шайхонтоҳур туман ИИБда «димиқиб ётгани» англашилади. Қачонки жиноят иши қайта малакаланиб, тергов ўтказиш учун туман ИИБдан Тошкент шаҳар прокуратурасига ўтказилганидан сўнг нисбатан қисқа вақтда саккиз йил аввал содир этилган жиноят фош этилади. Ўта оғир жиноятни эса аввал гумондор тариқасида ишга жалб этилиб, бироқ етарли далиллар бўлмагани учун жавобгарликка тортилмаган Т.Санжар содир этганига нима дейсиз?!

Т.Сажар ким?

Аниқланишича, у 1984 йилда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган. Ёлланма устачилик билан шуғулланиб келган Т.Санжар 2009 йилда ўзидан қарийб 11 ёш катта зангиоталик Н.У. (бедарак йўқолган қизнинг онаси) билан шаърий никоҳдан ўтиб, бирга яшаб келган. 2011 йилда бу йигит сурхондарёлик қизга расман уйланади. Унинг уйланиши «биринчи хотини» Н. У.га ёқмайди, рашк туфайли ўртада жанжал кучайиши оқибатида Т.Санжарнинг кейинги оиласи бузилиб кетади. Шунга қарамай, Н.У. йигит билан бирга яшаймайди, аксинча, 2012 йилнинг апрелида ишлаш учун Туркияга кетади.

Ўзини «жазман деб хотиндан қуруқ қолган»дай ҳис қилган Т.Санжар эса бунинг учун қасд олишни режалайди ва Н. У.нинг 1995 йилда туғилган қизининг руҳий носоғломлигидан фойланалиб, уни алдов йўли билан Паркент туманидаги дала-ҳовлига (дала-ҳовли Н. У.га тегишли) олиб боради. Ва ўша ерда уни чойшаб билан бўғиб ўлдиргач, мурдасини мазкур хонадон ертўласига кўмиб юборади.

Т.Санжарнинг кўрсатмаларига асосан воқеа жойида текшириш тергов ҳаракатлари ўтказилганда, дарҳақиқат, у кўрсатган манзилдан инсон суяклари топилди...

Айни пайтда Т.Санжар қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

×