Карантин чоралари юмшатилиши доирасида ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат берилади. Театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар сақлаб қолинади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда карантин чоралари сақлаб қолинадиган соҳалар маълум қилинди.
«Коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.
«Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз», деган Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди.
Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди.
Бундан аввалроқ, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлиши хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгараётгани боис 22 апрелдан карантин шароити босқичма-босқич юмшатила бошлаган эди.
Тасодифий хабарлар
Андижонда АГҚШдаги портлаш тафсилотлари маълум қилинди
Йўл қурилиши сифати қачон яхшиланади?
Отабек Умаров Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади
СВЕРДЛОВСК ВИЛОЯТИ ГУБЕРНАТОРИ НАМАНГАНГА КЕЛДИ
Samarqandda yuzlab it va mushuklarni zaharlab o‘ldirgan mansabdor shaxslar egallab turgan lavozimlaridan ozod etildi