Ўзини Президент аппаратидан деб таништирган ходим daryo.uz нашри мухбирига босим ўтказишга уринди ва журналистик материалини ўчириб ташлашни талаб қилди.
«Дарё» интернет нашрининг Самарқанд вилоятидаги мухбири Фарҳод Норбўтаевга қўнғироқ қилган Нишонбой Абдувоитов ўзини «Президент аппарати ходими», деб таништирган ва мухбирдан тайёрлаган материалини сайтдан ўчириб ташлашини талаб қилган.
Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида таъкидлаш лозимки, «Дарё»да Фарҳод Норбўтаев муаллифлигида Самарқандда қизига тегажоғлик қилган шахсни уриб ўлдирган ота 17 йилга қамалгани хусусида хабар берилганди.
Мухбир билан телефон орқали мулоқот қилган Нишонбой Абдувоитов мухбирдан тайёрлаган хабаридаги маълумотни қаердан олганини сўрайди. Маълумот суд томонидан тақдим этилганлигини эшитгач, «Нега суд беради, сабаби борми?» — дея савол беради. Ҳамда маълумот ёлғон эканлигини, хабарни тезда ўчириши лозимлигини буюради.
2007 йил 15 январь куни қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг 7-моддасида цензурага йўл қўйилмаслиги ҳақида сўз юритилади. Унда шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек, уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ».
Ўзини Президент аппарати ходими дея таништирган Нишонбой Абдувоитов суд чиқарган ҳукм адолатли эканлигига ҳам ишонмаган.
— Суд вазиятни очолмаган-ку, — дейди Нишонбой Абдувоитов.
Хабарни ўчириб ташлашни талаб қилган ходим ахборот манбаи билан ҳам қизиққан ва мухбирдан маълумотни тақдим этган одам кимлигини айтишини сўраган. Ҳолбуки юқорида тилга олинган қонунинг 33-моддасида «Ахборот манбаини ошкор этмаслик» ҳақида сўз боради. Жумладан: «Таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек, тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас».
Сайт ҳудудий бўлими муҳаррири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Нишонбой Абдувоитов билан мулоқот қилди. Ҳақиқатан ҳам ўзини Президент аппарати ходими дея таништирган Абдувоитов айнан ким бўлиб ишлаши ҳақидаги саволга «Интернет сайтлари бўйича ишлайман» дея жавоб берди. Мухбирдан хабарни ўчириб ташлашини талаб қилганини тан олди.
Нишонбой Абдувоитов билан суҳбатдан англашилишича, қотил отанинг қизига тегажоғлик қилган марҳум Абдувоитовнинг қариндоши.
Нишонбой Абдувоитов суҳбат сўнгида сайт суд томонидан тақдим этилган маълумотни олиб чиқишини тўғри тушунишини, бунга эътирози йўқлигини билдирар экан, яна бир бор хабарни ўчириб ташлашни сўради, дейилади дарё.уз хабарида.
Тасодифий хабарлар
Расман! 1 октябрдан "доверенность" бекор қилинади, лекин...
Шимолий Корея аҳолисига 11 кунгача кулиш тақиқланди
Бир кечада «Наманган» ва «Тошкент» вилоятларида жами 123 кишида коронавирус аниқланди
Ўқувчиларга бепул тушлик бериш учун пул ажратилади
Наманганда 21 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Spark ағдарилиб кетди