АҚШнинг Вашингтон атрофидаги Эндрюс авиабазасида ядро уруши ёки глобал инқироз юз берган тақдирда мамлакатнинг олий ҳарбий-сиёсий раҳбариятини ҳимояланган бункерларга фавқулодда эвакуация қилиш учун охирги 60 йил ичида биринчи марта янги вертолёт эскадрильяси ташкил этилди. Бу ҳақда кеча, 28 август куни соҳага ихтисослашган “The War Zone” портали хабар берди.
Қайд этилишича, 5-вертолёт эскадрильяси Миллий пойтахт ҳудудида давлат бошқарувининг узлуксизлигини таъминлаш билан шуғулланади. Унинг вазифаси фавқулодда вазиятлар, инқирозлар ёки пойтахтга нисбатан таҳдидлар пайтида ҳукуматнинг асосий раҳбарлари, ҳарбий мулозимлар ва ўта муҳим ходимларни хавфсиз ва тезкор ташишдан иборат.
Янги эскадрилья ихтиёрига энг янги HH-60W Jolly Green II вертолётлари берилади. Улар 1-вертолёт эскадрильяси томонидан ўн йиллаб эксплуатация қилинган маънан эскирган UH-1N Huey'нинг ўрнини эгаллайди.
“The War Zone” маълумотларига кўра, эскадрильянинг ташкил этилиши – ҳукумат фаолиятининг узлуксизлиги протоколларининг бир қисми. Вертолётлар ядро уруши ёки глобал инқирозлар юз берган тақдирда АҚШнинг олий раҳбариятини пойтахт ҳудудидан ҳимояланган ер ости бункерларига фавқулодда эвакуация қилишга мўлжалланган. Қайд этилишича, АҚШ Президенти ва ҳукумат аъзоларини ташиш ҳамда фавқулодда эвакуация қилиш бўйича асосий функцияларни VH-3D Sea King вертолётларидан фойдаланган ҳолда АҚШ Денгиз пиёдалари корпусининг махсус отряди бажаради.
Шунингдек, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари янги “Қиёмат куни” самолётини ишлаб чиқиш учун 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сўраган. Ўтган йили Black Hawk ҳарбий вертолёти мамлакатнинг олий раҳбарларини Вашингтондан эвакуация қилиш бўйича ўқув-машғулот миссиясини олиб борган.
Миссури университети профессори Майкл Хадсон АҚШ генераллари АҚШ Президенти Дональд Трамп ядро урушини бошлаб юбориши мумкинлигидан хавотирда, деган фикрни билдирган. Унинг сўзларига кўра, генераллар Америка етакчисига ядро қуроли кодларини топширишни рад этмоқда, чунки “у ундан ўтган шанба куниёқ фойдаланган бўларди”.
Тасодифий хабарлар
«Аҳмадбой»нинг неча миллиард қарзи бор? МИБ ушбу суммани ошкор қилди
Қозоғистонда эпидемик вазият оғирлигича қолмоқда. Олмаота тўлиқ локдаунда
Ўзбекистон Украинадаги вазият сабаб Россияга авиақатновларни тўхтатадими?
Саудияда бой хорижликларга алкоголь харид қилишга рухсат берилди
Чирчиқда вагон устида селфи тушмоқчи бўлган ўсмирни ток урди