Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бир оиланинг уч нафар аъзосида қутуриш аниқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 июль куни Китоб туманида истиқомат қилувчи, 1979 йилда туғилган фуқаро хавфли юқумли касалликдан шубҳа қилинган ҳолда шифохонага ётқизилган. Ўтказилган эпидемиологик ўрганиш жараёнида фуқаро бундан тахминан бир ой аввал тулки боласи томонидан тирналгани аниқланган. Шундан сўнг у 11 июль куни вафот этган. Ҳозирда фуқаронинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Бундан ташқари, марҳум билан алоқада бўлган уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тиббий назоратдан ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, уларда қутуриш касаллигига хос клиник белгилар аниқланмаган.
Ҳозирда ушбу фуқаролар шифокорлар кузатувида бўлиб, уларга касалликнинг олдини олиш мақсадида зарур эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Расмийлар аҳолини тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликка, ижтимоий тармоқларда эса текширилмаган хабарларни тарқатмасликка чақирмоқда.
“Шу ўринда фуқаролардан ортиқча хавотирга берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса асоссиз ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Тасодифий хабарлар
Икки ҳафта давомида ўсимлик ёғининг нархида пасайиш кузатилди
Мактабларда якуний имтиҳонлар қачондан бошланади?
ЕИда мигрантлар сони рекорд даражада кўпайди
Ўзбекистонда 7 килограммлик чақалоқ туғилди
Конор “юриш”ни кимдан ўрганган? (+видео)