6 апрель куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, кенгаш фаолиятининг мақсади қўшма бизнес ташаббуслари учун мустаҳкам институционал асос яратишга қаратилган. Унда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов иштирок этган.
“Вашингтон шаҳрида мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман ўз фаолиятини бошлади. Кенгаш қўшма бизнес ташаббуслари учун мустаҳкам институционал асос яратишга қаратилган. Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди”, дея ёзган Мирзиёева.
Қайд этилишича, кенгашнинг ташкил этилишига икки давлат Президентлари – Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёев ўртасида қарор топган юксак даражадаги ишонч қўл келган.
“Кенгаш ҳамраиси, элчи Сержио Гор таъкидлаганидек, сўнгги бир йил давомида АҚШ Марказий Осиёда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги қатъий интилишларини амалда тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоиз, Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 6-7 ноябрь кунлари АҚШга борган эди. Ўзбекистон етакчиси Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп билан музокаралар ўтказди, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг С5+1 форматидаги саммитида иштирок этди. Шундан сўнг Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Кенгаш фаолиятини Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошқариб боради. Президент Администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозимига тайинланди.
Тасодифий хабарлар
Россияда ўзбекистонлик йигит иш жойида ўлик ҳолда топилди
Хитойда порахўр мансабдор ўлимга ҳукм қилинди
Имом бомдод намози вақтида пичоқлаб кетилди (видео)
Миллий гвардия ходими қасддан ўлдирилгани айтилмоқда
Тошкентдан $27,3 минг ва 1,8 млн рублни яшириб Истанбулга олиб кетаётган қўшни давлат фуқароси ушланди