Ижтимоий тармоқларда Россияда Самарқанддан бўлган меҳнат муҳожири Махсус мақсадли мобил блок (ОМОН) томонидан амалга оширилган қийноқ оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурхонов расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳрида Самарқанд вилоятидан бўлган Ўзбекистон фуқаросининг вафоти боғлиқ ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги иш олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 12 декабрь куни Хабаровск шаҳрида содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда махсус кучлар ходимлари кафелардан бирига бостириб кириб, у ерда бўлган ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан зўравонлик қўллагани айтилади. Оқибатда икки нафар фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, кома ҳолатига тушган, улардан бири бир неча кун ўтиб вафот этган. Иккинчи жабрланувчи ҳақидаги маълумотлар эса расман тасдиқланмаган.
Вафот этган фуқаро Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Жумавой қишлоғида туғилгани билдирилмоқда. Ҳозирча марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинмаган.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Жасадни Ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳодиса юзасидан Хабаровск ўлкаси Прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия ТИВнинг ҳудудий ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама, холисона ва қонун доирасида ўрганиш сўралган.
Айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Тегишли идоралардан аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.
Тасодифий хабарлар
Нурсултон Рўзибоевнинг навбатдаги жанги санаси ва рақиби аниқ бўлди
Дарахт кесиш бўйича «пешқадам» вилоятлар аниқланди
Наманган вилоят судида халқ маслаҳатчилари билан семинар машғулоти бўлиб ўтди
Самарқандда танишининг бошига болта билан урган шахс қамоққа олинди
Ағдарилган «Эпика» ҳайдовчиси қочиб кетди