АҚШ Эроннинг Фордодаги уранни бойитиш бўйича мустаҳкам ядро объектига қарши тактик ядро қуролидан фойдаланишни истисно қилмаяпти. Бу ҳақда Оқ уйдаги мансабдор шахсга таяниб, “Fox News” мухбири Жеки Хайнрик хабар берди.
Манбанинг билдиришича, АҚШ ҳарбийлари бункерни ёриб кирувчи бомбаларнинг самарадорлигига шубҳа қилмайди ва улар ёрдамида Эроннинг ядро заводини йўқ қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Шундай қилиб, Дональд Трамп маъмурияти “The Guardian” газетасидаги хабарларга раддия берди. Мазкур нашр аввалроқ ҳарбийлар Фордодаги объектни фақат тактик ядро зарбаси билан йўқ қилиш мумкин деб ҳисоблаётгани, бироқ АҚШ Президенти бу вариантни рад этаётгани ҳақида ёзган эди.
Бундан аввал эса “Axios” нашри Трамп 13,6 тонна оғирликдаги GBU-57 русумли бункерни ёрувчи бомба 90 метр чуқурликда жойлашган ерости заводини ишончли тарзда вайрон қила олишига шубҳа билан қараётганини ёзган. Шу билан бирга, АҚШ Мудофаа департаментига қарашли Ҳарбий хавфларни камайтириш агентлиги Фордодаги ядро объектини йўқ қилиш учун аввал ер қатламини оддий бомбалар билан юмшатиш, кейин эса у ерга бомбардимончи самолётдан ядро бомбасини ташлаш кераклигини таъкидлаган.
“Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, Трамп жорий йилнинг 17 июнь куни Эронга қарши ҳарбий зарба бериш режасини маъқуллаган, бироқ ҳозирча бу режанинг амалга оширилиши бўйича буйруқ бермаган. У Теҳрон ядро дастуридан ўз ихтиёри билан воз кечади деган умидда кутмоқда. Кеча, 19 июнь куни Оқ уй матбуот котиби Керолайн Левиттнинг маълум қилишича, АҚШ Президенти икки ҳафта ичида Эрон бўйича зарба бериш-бермаслик ҳақида қарор қабул қилади. Бунга қадар Трамп Теҳрондан “шартсиз таслим бўлиш”ни талаб қилган. Унинг айтишича, Ислом Республикасининг ҳаво ҳудуди устидан АҚШ тўлиқ назорат ўрнатган ва Вашингтон “Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий қаерда яширинаётганини” билади. Трамп уни “осон нишон” деб атади, бироқ АҚШнинг ҳозирча уни йўқ қилиш режаси йўқлигини таъкидлади.
Бунга жавобан Оятуллоҳ Хоманаий Эрон ҳеч қачон таслим бўлмаслигини ва АҚШ Президентининг талабларига рози бўлмаслигини айтди. Шунингдек, у АҚШ томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай ҳарбий ҳужум оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.
Тасодифий хабарлар
Фуқароларнинг ИИО ходимларини тасвирга олиш ва уларни тарқатиш ҳуқуқи сақланиб қолинмоқда
Қашқадарёда келин ўзи ва икки фарзандини поезд тагига ташлади
Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилиши мумкин
Расул Кушербаев депутатлик фаолиятини якунламоқда (видео)
Туманлар ва шаҳарлар бўйича «яшил», «қизил» ва «сариқ» ҳудудлар рўйхати эълон қилинди